Жаҳон | 12:26 / 09.05.2016
6616
2 дақиқада ўқилади

Мишель Обама ва шаҳзода Ҳарри ногирон ҳарбий хизматчилар учун мусобақани очиб берди

Шаҳзода Ҳарри ва АҚШнинг биринчи хоними Мишель Обама 8 май куни Флорида штатининг Орландо шаҳрида шаҳзода Ҳарри томонидан 2014 йилда ногирон ҳарбий хизматчилар учун таъсис этилган Invictus Games мусобақаларини очиб берди.

Мусобақалардан мақсад ногиронларга эътиборни қаратиш, уларнинг янги ҳаёт бошлашига кўмак бериш ҳисобланади. Invictus ўйинлари 4 кун давом этиб, унда 500 нафарга яқин киши иштирок этади.

Бундан аввалроқ АҚШ президенти Барак Обама ва унинг рафиқаси Мишель ҳамда Буюк Британия қироллик оиласи ўртасида ҳазилона Twitter-жанг ўтказилганди. Унда Обама томонидагилар шаҳзода Ҳаррига мурожаатида АҚШ нимага қодирлигини кўрсатиб қўймоқчилигини ифода қилганди: "Эй, Кенсингтон саройидагилар, сизлар Invictus ўйнашга тайёрмисизлар?"

Бунга жавобан, Елизавета II видео эълон қилди, унда: "Бум, жиддиймисиз? Қўйсангиз-чи", — дея хитоб қилди.

Кейинроқ Канада бош вазири Жастин Трюдо Обама ва шаҳзода Ҳаррининг Twitter-жангига жавоб қайтарди.

Ўз видеожавобида Трюдо Канада нимага қодирлигини кўрсатиб қўймоқчилигини маълум қилди, у бунда ногирон ҳарбий хизматчилар учун мўлжалланган Invictus Games мусобақаларини назарда тутди.

Шундан сўнг Канада бош вазири ерга таяниб кўтарилиш (отжимание) машқини бажарди ва "бум" дея "микрофонни ташлаб юбориш" ҳаракатини кўрсатди.

"Микрофонни ташлаб юбориш" — рэперларга хос тажовузкорона хатти-ҳаракат бўлиб, у ижро якунланганини билдиради.

Шаҳзода Ҳарри — бу ўйин ташаббускори ва ўйин ташкилий қўмитаси президенти ҳисобланиб, бундай мусобақа илк бор 2014 йили Лондонда ўтказилган. 2015 йилнинг охирида Вашингтонга ташриф буюрган ва Invictus Games ўйинларига қўшилишни таклиф қилганди.

Мавзуга оид