Британия шаҳзодаси шаҳзода Ҳарри ва унинг рафиқаси Меган Маркл америкалик телебошловчи Опре Уинфрига икки соатлик интервью беришди. Бу ушбу жуфтлик 2020 йил бошида қироллик оиласи ваколатларидан воз кечиб, Буюк Британиядан аввал Канадага, кейин АҚШга кўчиб ўтганидан буён илк бор телевидение орқали кўриниш беришидир. Интервью Американинг CBS телеканалида трансляция қилинди, аввалроқ тарқалган хабарларга кўра, намойиш учун 9 миллион доллар тўланиши кўзда тутилган. Сассекс герцоги ва герцогинясининг Опра Уинфри билан суҳбати ҳозирча интернетга жойлаштирилмади, аммо кўплаб нашрлар телевизион трансляцияга таяниб материаллар тарқатишмоқда. Унга кўра, Меган Британия қироллик хонадонида унинг ўғли Арчининг териси ранги қанчалар қора бўлишини муҳокама қилишганини айтган.

Дунёдаги энг қудратли оилани тарк этган жуфтлик

Сассекс герцоги ва герцогиняси бўлган шаҳзода Ҳарри ва собиқ актриса Меган Маркл бир ой аввал Буюк Британия қироллик оиласини тарк этганди. Жуфтлик бу қарорни аниқ изоҳламаган, лекин кўпчиликнинг фикрича, шаҳзода турмуш ўртоғининг ирқи ва у собиқ актриса бўлгани ҳақида аслзодалар орасидаги кинояларга тоқат қила олмагани учун шундай қарорга келган. Қиролича Елизавета ҳам невара келинини хушламаслиги ҳақида гаплар юради.

Қироллик оиласи Ҳарри ва Марклнинг оила мажбуриятларини бажариш ҳуқуқидан воз кечганини қайғули ҳолат деб атаган, шу билан бирга, улар оила аъзолари бўлиб қолишини маълум қилган. Монарх қиролича раҳбарлигидаги Британия қироллик оиласи дунёдаги энг таъсири катта сулола ҳисобланади. Амалда Британия бошқаруви тепасида турувчи оила дунёнинг кўплаб мамлакатларида катта таъсирга эга. Шаҳзода ва Меган оилани тарк этгач, эндиликда улар ҳарбий унвонини сақлаб қолган ҳолда қироллик тасарруфидаги хайрия ташкилотлари ва олийгоҳларга ҳомийлик қила олмайди. Жуфтлик бу қарорни қабул қилгач, Британия ҳудудини ҳам тарк этган. Меган ва шаҳзода Ҳаррининг бир нафар фарзанди бор, собиқ актриса иккинчи фарзандига ҳомиладор.

АҚШнинг биринчи рақамли интервью олувчи журналисти экани эътироф этиладиган Опра Уинфрининг навбатдаги шов-шувли интервьюси якшанба оқшомида CBS телеканалида эфирга узатилди. Суҳбат давомида шаҳзода Ҳарри оила кутаётган фарзанд қизалоқ эканини айтди. Меганнинг сўзларига кўра, ўғли Арчига ҳомиладор бўлган вақти унга шаҳзода унвони берилмаслиги ва қироллик қўриқчилари томонидан қўриқланмаслигини айтишган. Унинг фикрича, бу анъаналарнинг бузилиши бўлган: «Улар болам қорнимда эканидаёқ у учун анъаналарни ўзгартиришларини айтишди. Бу ҳам майли, туғилажак фарзандим хавфсизликда бўлмаслигининг ўзи даҳшат эди. Оиланинг биринчи оқ танли бўлмаган вакили бошқа набиралар каби шаҳзода унвонини олмаслигини билиш жуда ёмон. Болам ҳали туғилмасдан туриб у қанчалик қора танли бўлиши ҳақида очиқчасига гаплашишарди», деган Меган Маркл.