Репортаж: Андижондаги “Биз буюк юрт фарзандларимиз” шиори остидаги ёшлар фестивалининг илк куни
Ўзбекистон республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан мамлакат миқёсида “Биз буюк юрт фарзандларимиз”шиори остида ташкил этилган ёшлар фестивалининг Андижон вилоятидаги биринчи куни кўтаринки руҳда ўтди. Тарғибот гуруҳлари вилоятнинг Қўрғонтепа, Жалалқудуқ, Бўз, Шаҳрихон, Улуғнор туманлари ва Хонобод шаҳрига ташриф буюришди. Бўлиб ўтган учрашув ва гала-концерт дастурлари давомида ёшлар билан турли лойиҳалар асосида суҳбатлар ўтказилди.
Журналист ва таржимон Шуҳрат Саттаров, театр ва кино актёрлари Азиз Қобулов, Бахтиёр Турғунов, Умида Муқимова ҳамда эстрада хонандалари Отабек Муҳаммадзоҳид ва Воҳиджон Исоқовдан иборат тарғибот гуруҳи вилоятнинг энг чекка туманларидан бири ҳисобланган Улуғнор туманида бўлди.
“Сиз севган қаҳрамонлар” лойиҳаси бўйича дастлабки тадбир туман ҳокимлигининг мажлислар залида ташкил этилиб, унда 400 нафардан зиёд ёш авлод вакиллари иштирок этди. Ёш авлод вакиллари ўзлари севган актёр ва хонандалар билан бевосита мулоқот қилишди.
21-сон мусиқа ва санъат мактабида “Оммавий маданият ва ёшлар маънавияти” лойиҳаси асосида ўтказилган тадбирда мамлакат ёшларининг бугунги кунда барча соҳаларда қўлга киритиб келаётган улкан ютуқлари, шу билан бирга, ҳозирги мураккаб замонда ёшларимиз онгини миллий қадриятларга ёт бўлган зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишга ҳар бир киши жиддий ёндашиши лозимлиги эътироф этилди. Мусиқа ва санъат мактабининг иқтидорли ўқувчилари томонидан ижро этилган қўшиқ ва куйлар тарғибот гуруҳи вакилларида катта таассурот қолдирди.
Гуруҳ аъзолари туманда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиб, яқинда ташкил этилган “Нуронийлар боғи”да бўлишди.
Тумандаги Агросаноат касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган “Камолот кутубхонаси” мавзусида қизиқарли учрашув ўтказилди. Журналист ва таржимон Шуҳрат Саттаров инсон камолотида китобнинг ўрни ҳақида сўзлади. Коллеж ўқувчилари ўзбек ва жаҳон адабиёти намоёндалари асарларидан бадиий чиқишлар ва шеърлар ижро этишди. Савол-жавоб тарзида ўтказилган мунозараларда яхши иштирок этган ўқувчиларга китоблар совға қилинди. Даврада шўх қўшиқлар янграб барчани рақсга чорлади.
Шундан сўнг Улуғнор тумани марказидаги ўйингоҳда санъат усталари ва эстрада хонандалари иштирокида гала-концерт бўлиб ўтди. Гала-концертга қўшни Балиқчи тумани ёшлари ҳам келиб қўшилишди.
Тадбирни туман ҳокими Абдуғофир Сулаймонов кириш сўзи билан очиб берди. Туманда вояга етаётган ёш иқтидор эгалари бўлган спортчи ёшлар ва гимнастикачи қизалоқлар томонидан чиқишлар намойиш этилди. Улуғнорлик спортчи ёшлар ўйингоҳ марказига мустақилликнинг йигирма беш ёшини ифодаловчи рақамни чизганларида стадион шодон ҳайқириқларга тўлиб кетди. Шижоатли ёшлар эл севган санъаткорлар қўшиқларини бирга куйлаб, рақсга тушдилар.
“Kun.uz” сайтининг Андижондаги мобил мухбири Элмурод Эрматов фурсатдан фойдаланиб, тарғибот гуруҳи сафида Андижонга ташриф буюрган санъаткорларни суҳбатга тортди. Бу борада “Камолот ПРЕСС” ёш репортёрлар клуби аъзоси Бобурмирзо Хожиакбаров яқиндан ёрдам берди.
Хонанда Воҳиджон Исоқов:
- Бугун Улуғнор туманида бўлиб, бу ерда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ва инсонларнинг юзидаги шукроналик ҳисларидан дилим ғурурга тўлди. Туман ёшлари орасида иқтидорлилари жуда кўп экан. Мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг санъат соҳасида эгаллаган ютуқлари таҳсинга лойиқ. Мен бугуни фаровон, келажаги буюк давлатда яшаётганимдан фахрланаман.
Муаллиф: Элмурод Эрматов, Андижон.
Мавзуга оид
22:05 / 23.11.2024
ДХХ раисининг ишдан олиниши, Андижонда Бобурга “ҳужум” ва тугаган сайлов — ҳафта дайжести
22:45 / 19.11.2024
Маданий мерос агентлиги Андижондаги Бобур ҳайкалини кўчириш бўйича тарқалган хабарларга муносабат билдирди
10:40 / 19.11.2024
Андижонда Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнига савдо мажмуаси, кўнгилочар марказлар қуриш режалаштирилмоқда
21:10 / 18.11.2024