Андижонда юз берган мудҳиш ҳодиса кўз ўнгингизда турган бўлса керак: катта тезликда, боз устига бошқа автомобил(лар) билан пойга ўйнаб ҳаракатланган Malibu бошқа машиналар йўл бергач пиёдалар йўлагидан ўтаётган буви ва унинг икки набирасини мажақлаб кетди.
Ҳайдовчига Жиноят кодексининг 266-моддаси тегишли банди, яъни одам ўлимига сабаб бўлган йўл транспорт ҳодисаси содир этиш билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов кетмоқда.
Аммо бу малакалаш хато. Қилмиш қасддан содир этилган жиноят сифатида эътироф этилиши ва Жиноят кодексининг мос моддаларига қайта малакаланиши лозим. Бунга қонунларда етарли асослар мавжуд. Суд амалиётида ҳам бу тажриба бор. Шулар ҳақида муаллифнинг нуқтаи назари билан бўлишамиз.
Олий суд Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 10-сонли қарори 10-бандида Жиноят кодекси 266-моддасида назарда тутилган жиноят ҳаракатланиш ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш ёки бошқа қоидалар бузилиши хусусиятидан қатъий назар, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган, деб эътироф этилади, чунки, бунда айбдор барча ҳолларда ўз-ўзига ишониш ёки бепарволик билан ҳаракат қилади. Агар айбдор ҳаракатланиш ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини қасддан бузса, унинг қилмиши Жиноят кодексининг қасддан содир этилган жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи тегишли моддалари бўйича квалификация қилиниши лозим.
Олий суд Пленумининг яна бир қарорида агар айбдор ўз ҳаракатининг ижтимоий хавфли эканлигини англаса, жабрланувчи баданига муайян даражада шикаст етказиши мумкинлигига кўзи етса ва шуни хоҳласа ёинки хоҳламаса-да, бунга онгли равишда йўл қўйса ёки ўз қилмишидан келиб чиқадиган оқибатларга бефарқ қараса, барча қилмиш аслида келиб чиққан оқибатлар бўйича квалификация қилиниши лозимлиги айтилади.
Малибу ҳайдовчиси ҳаракатларига эътибор қаратамиз:
- катта тезликда ҳаракатланаётгани кўринади (бир нечта камераларга ёзиб олинган);
- йўналишдаги автомобиллар пиёдаларни ўтказиб юбориш учун ҳаракатни тўхтатган;

- 60 Z 511 ZZ рақамли Malibu эса бўш турган биринчи полосадан катта тезликда келяпти ва ўз йўлидан ҳаракатланаётган пиёдаларни уриб (учириб) ўтиб кетган.















