Жамият | 10:20
2349
2 дақиқада ўқилади

Андижонда давлат захирасидаги ерни 160 минг долларга сотмоқчи бўлган фуқаро ушланди

Тошкентда кадастр бош инспектори енгил конструкцияли қурилмаларни бузмаслик ва жарима қўлламаслик эвазига 2 минг доллар пора олаётганида ушланди. Андижонда эса давлат захирасидаги 40 сотих ер учун 160 минг доллар талаб қилиб, унинг 80 минг долларини олган фуқаро қўлга олинди.

Тошкент шаҳри ва Андижон вилоятида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда пора олиш ва давлат ерини ноқонуний сотишга уриниш билан боғлиқ коррупциявий ҳолатлар фош этилди. Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълум қилинишича, ДХХнинг Call-марказига келиб тушган мурожаат асосида ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Унда Кадастр агентлигининг Яшнобод туман бўлими бош инспектори учинчи шахс орқали 2 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.

Тергов маълумотларига кўра, у ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, маҳаллий фуқаро томонидан ноқонуний ўрнатилган енгил конструкцияли қурилмаларни буздирмаслик ва унга нисбатан жарима қўлламаслик эвазига ушбу маблағни талаб қилган.

Яна бир ҳолат Андижон шаҳрида қайд этилган. 1984 йилда туғилган фуқаро харидорга Андижон туманидаги давлат захирасида бўлган 40 сотих ер майдонини гўёки E-auksion орқали ютиб олганини айтиб, уни кадастр тизимидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Бунинг эвазига у 160 минг АҚШ доллари талаб қилган. ДХХ, ички ишлар ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчи олдиндан 80 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид