Ўзбекистон | 16:08 / 17.05.2016
10649
2 дақиқада ўқилади

Фарғона вилоятида маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови ўтказилмоқда

Фарғона вилоятида ҳам маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови очиқлик, муқобиллик ва адолат тамойиллари асосида юксак савияда ўтказилмоқда.

Қувасой шаҳрининг Алишер Навоий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раислигига кўрсатилган уч номзоднинг сайловолди дастурида белгиланган муҳим вазифалар борасидаги фикр-мулоҳазалар 55 нафар вакиллар томонидан ўрганилди, таҳлил этилди.

Сайлов натижаларига кўра, яширин овоз бериш йўли билан энг кўп овоз олган Гулшода Иброҳимова маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимига сайланди. Маслаҳатчилар лавозимига кўрсатилган 26 номзоднинг 13 нафари очиқ овоз бериш йўли билан сайланди.

– Сайловда билдирилган ишончни оқлаш катта масъулият талаб этади,– дейди Алишер Навоий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулшода Иброҳимова. – Мақсадимиз халқ билан елкама-елка бўлиб, ҳудудни янада ободонлаштириш, оилавий бизнесни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлашга хизмат қилишдир. Бу борада маҳалла маслаҳатчилари ва фаолларнинг амалий ёрдами, қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамият касб этади.

Маълумотларга кўра, айни пайтга қадар Қувасой шаҳридаги ўндан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинида сайловлар ўтказилиб, муносиб номзодлар муқобиллик асосида сайланган. Ҳар бир ҳудуддаги ишчи гуруҳлар махсус хоналар, зарурий техника воситалари, меъёрий ҳужжатлар тўплами, қўлланмалар билан тўлиқ таъминланган.

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири.

Мавзуга оид