Президент Шавкат Мирзиёев 22 июнь куни маҳаллалар фаолиятини рақамлаштириш ва Маҳаллани ривожлантириш миллий институтини ташкил этиш юзасидан тақдимот билан танишди.

Тақдимотда маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш учун Республика маҳалла жамғармасига яна 200 миллиард сўм ажратилгани маълум қилинди. Шунингдек, маҳаллалар учун 300 миллиард сўмдан зиёд қўшимча доимий даромад манбалари яратилмоқда.

Жумладан, маҳалла ҳудудида санитария ва ноқонуний қурилиш бўйича жарималарнинг бир қисми маҳалла бюджетларига йўналтирилади. Ер ва мол-мулк солиғидан тушадиган тушумларнинг улуши 10 фоиздан 15 фоизга оширилади. Бўш майдонларни ижарага бериш ва айрим биноларни сотишдан тушадиган маблағлар ҳам маҳалланинг ўзида қолдирилади.

Ушбу маблағлар биринчи навбатда ички йўлларни таъмирлаш, пиёдалар йўлакчаларини ташкил қилиш, болалар ва спорт майдончаларини қуриш, маҳалла боғларини барпо этиш, эҳтиёжманд оилалар бандлигини таъминлаш бўйича дастурларни амалга оширишга йўналтирилади.

Шу билан бирга, жиноят йўлига адашиб кириб қолган 245 минг фуқарони касб ва ҳунарга ўқитиш, уларни ижтимоий ҳаётга қайтариш бўйича алоҳида ишлар ташкил қилинади.

Тақдимотда маҳаллалар фаолиятини рақамлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. “Маҳалла еттилиги” томонидан уйма-уй ўрганишлар давомида 1 миллион 365 минг нафар аҳолининг муаммолари аниқлангани қайд этилди.

Ушбу муаммоларни тезкор ҳал қилиш мақсадида 35 та вазирлик ва идоранинг ахборот тизимлари “Рақамли маҳалла” платформасига уланади. Платформа орқали маҳалладаги долзарб масалаларни аниқлаш, мурожаатларни тизимли таҳлил қилиш ва тегишли ечимларни тезкор белгилаш имкони яратилади.

Шунингдек, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали ҳар бир маҳалладаги энг долзарб муаммоларни олдиндан аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича янги тизим йўлга қўйилади.

Ҳар бир маҳалланинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, банклар билан биргаликда аҳолининг бизнес ташаббуслари ва инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилади. Бу маҳалладаги мавжуд имкониятларни иш ўрни ва даромад манбаига айлантиришга хизмат қилади.

Тақдимотда маҳалла фаолиятини илмий асосда ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, шу вақтгача тадқиқ этилган 20 мингга яқин илмий ишнинг атиги 10 тасида маҳаллага алоқадор айрим масалалар ўрганилган.