Light | 23:46 / 08.06.2016
44290
6 дақиқада ўқилади

Миллиардерларнинг 7 одати

Фото: Wikipedia

Қизиқ, бадавлат инсонларни оддий инсонлардан ажратиб турувчи қандайдир сифатлар мажмуи бормикан? Аслида ҳар бир миллиардернинг бойликкача босиб ўтган йўли ўзига хос бўлиб, бошқалардан фарқ қилади. Шунга қарамай баъзи ўхшашликлар ҳам бор. 

1. Улар ҳашаматни бошқача қабул қилишади

Опра Уинфри, Уоррен Баффет ва Сара Блейклини нима бирлаштириши мумкин? Кўп миллиардлардан ташқари уларнинг ҳар бири инвестицион ҳисобга эга. 

Бундай кишилар учун ҳаётдаги асосий ҳашамат - инвестиция қилиш имконияти. Зеро, пул йиғиш янги имкониятларга йўл очади ҳамда ҳаётий мақсадларга эришишга ёрдам беради. Шу боис миллиардерлар пулларни навбатдаги ўйинчоқ сотиб олишга эмас, уни бирор фойдали ишга инвестиция қилишни афзал кўришади. Ҳар сафар режадан ташқари пул воситасига эга бўлсангиз (масалан, пул мукофот олсангиз), ўйлаб кўринг қандай йўл тутсангиз яхши бўлади: бирорта буюмга сарфлашми ёки келажакка сақлаб қўйиш?

2. Улар учун "йўқ" сўзининг ўзи йўқ

Ҳаётнинг қайсидир бир босқичида омадли инсон ҳам рад жавобига дуч келган бўлади. Айёрлик оқимга қарши курашда яширин. 

Масалан, ёзувчи Жоан Роулингни олайлик. "Ҳарри Потер"нинг бўлажак муаллифининг қўлёзмалари нашрга чиқишдан аввал жуда кўп маротаба рад этилган. Бугун бу аёл - дунёдаги энг бой аёллардан бири.

"Йўқ" - бу шунчаки кимнингдир шахсий фикри. Омадли кишиларнинг ўзига хослиги шундаки, улар хавотир ва инкорларга қарамай мақсад сари ҳаракат қилаверишади. Улар бундай рад этилиш шунчаки кимнингдир нуқтаи назари эканлигини яхши билишади. 

3. Улар пулларни ўзгача сарфлашади

Ҳақиқий омадли инсонлар юқори маош ва бойликнинг бошқа-бошқа нарсалар деб ҳисоблашади. Улар "олтин кишанлар" синдромини четлаб ўтишади ва чиқимларни киримлар ҳажмига тенглаштиришмайди. 

Мультимиллиардер Уоррен Баффетт 31,5 минг долларлик уйда истиқомат қилади. Марк Цукерберг 30 минг долларлик Volkswagen GTI машинасида юради. Миллиардлаб пул топиш - энг қиммат буюмларни сотиб олиш дегани эмас. Яхшиси, пулларни бирор бир ишга инвестиция қилиш керак ёки "қора кун"га олиб қўйиш мақсадга мувофиқдир. 

Шахсий ҳисобга автоматик тарзда пул ўтказиш - пул йиғишнинг ажойиб усули. 

4. Улар оқилона таваккал қилишади

Билл Гейтс айтганидек, "кўп ютиш учун кўп таваккал қилиш керак". Янги инвестиция ёки корхонага ишониш жуда қийин, аммо миллиардерларнинг ҳаётида таваккал қилиш - ўйиннинг ажралмас қисми. 

Масалан, Опра Уинфри Чикагодаги кичик телешоуни олиб бориш учун ўзига қулай бўлган Балтимордаги янгиликлар бошловчиси касбини тарк этган. Ўша пайт у таваккал қилган, ҳозир эса унинг телешоусини бутун дунёга машҳур. 

Бу дегани шошилиб ёки ўйламай таваккал қилиш дегани эмас, албатта. Яхшилаб ўйлаб кўрилган, ҳисоб-китоб қилинган таваккалга қўл уринг. 

5. Улар ўз атрофларида ҳамфикрларини тўплашади

Миллиардерлар ўз-ўзидан бойиб қолишмаган. Уларнинг муваффақияти ва бугунги кундаги молиявий аҳволи - тўсиқлар билан курашишнинг натижасигина эмас, балки бошқа одамлар билан ҳамкорлик натижаси ҳамдир. 

"Муваффақият гарови: бадавлат кишиларнинг кундалик одатлари" китоби муаллифи Томас Корли бадавлат инсонларнинг самарали мулоқот (конференциялар, мижозлар билан учрашувлар ёки шунчаки қаҳва устида суҳбат)га иложи борича кўпроқ вақт ажратишини таъкидлаган. Шундай экан, кўпроқ мулоқотда бўлинг.

6. Улар ўз олдиларига оқилона мақсадлар қўйишади

Ҳар бир инсоннинг ўз умид ва орзулари бўлади, лекин ҳақиқий омадли кишилар ўз орзуларини рўёга айлантиришади ва тўғри мақсадлар қўйишади. Тадқиқотлар бадавлат инсонларнинг ўз олдига аниқ мақсадлар қўйишини кўрсатган.

Корли бу борада шундай дейди: "Орзу-ниятларингиз амалга ошиши учун аввал аниқ мақсадларга эга бўлинг, уларга интилинг ва ҳаётга татбиқ этинг. Орзуни келажакда амалга ошириладиган алоҳида вазифаларга ажратинг. Маълум бир вақт ўтиб, бундай вазифалар сизни ўз истакларингиз сари етказишга ёрдам беради".

7. Улар бўш вақтларини шахс сифатида ривожланишга сафарбар этишади

Бадавлат инсонларнинг бошқалардан асосий фарқи уларнинг бўш вақтини қандай ўтказишидадир. Улар қимматли вақтларини сериаллар кўришга кетказишмайди - Томас Корли тадқиқотига кўра, энг бой кишиларнинг 70 фоизи бир кунда бир соатдан кам телевизор кўради. 

Бунинг ўрнига улар ўзларининг шахс сифатида камол топишлари ҳамда бизнес ҳақида ўйлашади. Масалан, Билл Гейтс ва Уоррен Баффет илмий-оммабоп адабиётни мутолаа қилишади. Опра Уинфри ҳар куни эрталаб ўз устида ишлайди. 

Шундай экан, телевизор пультини қўйингда, шахс сифатида ривожланинг - янги тил ўрганинг, илҳом бағишловчи китоб ўқинг. Бўш вақтингизни шу тарзда ўтказсангиз, ўзингиз ҳам роҳатланасиз, шу билан бирга бўлажак омадингизга пиллапоя ясайсиз.

Мавзуга оид