Жаҳон | 09:52 / 05.07.2016
13635
2 дақиқада ўқилади

Global Times Хитой ва АҚШ ўртасида зиддият эҳтимолидан огоҳлантирди

Хитой, Жанубий-Хитой денгизида ҳарбий тўқнашувга тайёргарлик кўриши лозим, деб хабар қилмоқда Reuters агентлиги Хитой коммунистик партияси расмий газетаси Global Timesга асосланган ҳолда. 

Газета, БМТ халқаро судининг Жанубий-Хитой денгизида Филиппин ва Хитой ўртасидаги тортишув юзасидан қарор чиқаришига бир ҳафта қолганда, шундай мақолани чоп этмоқда. 

Нашрнинг ёзишича, расмий Пекин ва Манила ўртасидаги ҳудудий зиддият, бу жараёнга АҚШнинг аралашуви билан янада мураккаблашган. Бундан ташқари, Суднинг Хитой суверенитетига таҳдиди сабаб, минтақадаги зиддиятнинг янада кескинлашуви эҳтимоли кучайиб бораяпти. 

«Расмий Вашингтон Жанубий-Хитой денгизида икки гуруҳ авиаташувчи кемаларини жойлаштирган: у шунчаки кучини намойиш этишни ва минтақадаги энг йирик куч бўлган Хитойнинг бўйсунишини хоҳлаяпти», — деб ёзар экан, Global Timesнинг фикрича, Хитой таҳдидларга барҳам бериш учун ўз ҳарбий имкониятларини кенгайтириши лозим. 

«Гарчи, Хитой яқин орада ҳарбий соҳада АҚШ билан тенглаша олмаса ҳам, Америка Жанубий-Хитой можаросига аралашгудек бўлса, унга қарши тура оладиган даражага етиши керак», — деб ёзади Global Times. 

Шунга қарамай, нашрнинг қайд этишича, Хитой минтақадаги зиддиятларни тинч музокаралар йўли билан ҳал этишга умид қилади. 

Айтиш жоизки, Хитой 5-11 июль кунлари Жанубий-Хитой денгизида ҳарбий-ўқув машғулотларини ўтказади. 


 

Мавзуга оид