Жаҳон | 10:55
597
3 дақиқада ўқилади

Трамп: Хитой 2020 йилги АҚШ сайловларига аралашган

АҚШ президенти Доналд Трамп миллатга қилган 25 дақиқалик мурожаатида сайлов тизимида «заифликлар» мавжудлигини таъкидлаб, разведка органларининг аввал махфий бўлган маълумотларини ошкор қилганини билдирди. Унинг айтишича, ушбу материалларда Хитойнинг 2020 йилги президентлик сайловларига таъсир ўтказишга уринганига оид маълумотлар келтирилган.

Фото: REUTERS

Трампнинг мурожаати 17 июл куни Оқ уйнинг расмий YouTube канали орқали жонли эфирда намойиш этилди. Президентнинг сўзларига кўра, Хитой Халқ Республикаси 2020 йилги сайлов кампанияси давридан бошлаб АҚШ тарихидаги энг йирик сайлов маълумотлари сизиб чиқиши билан боғлиқ операцияни амалга оширган бўлиши мумкин.

Унинг таъкидлашича, Хитой томони 220 миллион нафар америкалик сайловчига оид шахсий маълумотларни қўлга киритган. Бу маълумотлар қаторига исм-фамилиялар, яшаш манзиллари, телефон рақамлари, партиявий мансублик ҳамда бошқа шахсий маълумотлар киради. Трампнинг иддаосига кўра, ушбу ахборотлар сотиб олинган, ўғирланган ёки киберҳужумлар орқали қўлга киритилган.

Президент сайлов тизимидаги бошқа муаммоларга ҳам эътибор қаратиб, тўртта штатда АҚШ фуқароси бўлмаган тахминан 278 минг киши сайловчи сифатида рўйхатдан ўтказилганини айтди.

Трампнинг фикрича, Хитой қўлга киритилган маълумотлардан 2020 йилги президентлик сайловлари натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида фойдаланган. Унинг таъкидлашича, Пекин маъмурияти унинг сайловда мағлуб бўлишини таъминлашга уринган ва бунинг учун овозларни алмаштириш ҳамда унга қарши танқидий материаллар тайёрлаган америкалик журналистларга катта миқдорда маблағ тўлаган.

Президентнинг сўзларига кўра, Хитойнинг бундай ҳаракатларга қўл урганига сабаблардан бири унинг Пекинга нисбатан миллиардлаб долларлик божлар жорий этиш ҳамда АҚШ ҳарбий қудратини янада кучайтириш режалари бўлган.

Шу билан бирга, Трамп АҚШ сайлов тизимидаги мавжуд заифликлардан нафақат Хитой, балки Россия, Эрон, Шимолий Корея ва бошқа АҚШ рақиблари, шунингдек, айрим нодавлат гуруҳлар ҳам фойдаланиши мумкинлигини таъкидлади.

Президент разведка маълумотларининг узоқ йиллар давомида ошкор этилмаганида АҚШ махсус хизматларидаги «чуқур давлат» (deep state) вакилларини айблади. Унинг фикрича, улар Хитойнинг эҳтимолий аралашувига оид маълумотларни қасддан яшириб, ҳам президентдан, ҳам Америка жамоатчилигидан сир тутган.

Шу муносабат билан Трамп Миллий разведка директори бошқармаси, Адлия вазирлиги, ФТБ ва Марказий разведка бошқармасини мазкур ҳолатни тўлиқ текширишга чақирди. Шунингдек, у маълумотларни яширишга алоқадор шахсларни ишдан бўшатиш ва етарли асослар мавжуд бўлса, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатиш лозимлигини билдирди.

Айни пайтда Трампнинг мазкур баёнотларида келтирилган иддаолар бўйича мустақил тасдиқ ёки расмий тергов хулосалари оммага тақдим этилмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид