Спорт | 19:19 / 16.07.2016
27646
6 дақиқада ўқилади

Омон қолганлар

Фото: Youtube

Франциялик Бонапарт жанг олдидан ўз аскарларига “ўлмасликни” буюрар экан: “Жангда ўлишни ҳамма эплайди, лекин тирик қолиш фақат талантли инсонларгагина хосдир. Менга сизларнинг ўлигингиз эмас, тиригингиз керак. Шу боис, ўлмасликни буюраман!”

Леонардо Ди Каприо фаолияти давомида жуда кўп фильмларда ўйнаган. Ўйнагандаям кучли фильмларда қатнашган... Ачинарли томони, йиллар давомида бирор бир ижроси “Оскар”га лойиқ топилмаган. Қориндор академиклар ўзларининг тентакона ўлчовлари билан Леони “ёш бола”га чиқариб келаверишган. 

Гап-сўз кўпайиб кетгач, шу йилнинг баҳорида ҳайкалча ди Каприога топширилди. Ноиложгина. Актёр боши узра кўтарди “Оскар”ини. Аслида олдинроқ олиши керак бўлган, бироқ асоссиз сабаблар туфайли кечга суриб келинган бу манзара ҳамманинг кўз ўнгида байрамга айланиб кетди. 

Инсоф билан айтганда, “Омон қолганлар” фильми ва ундаги ижроси бу ҳайкалчага лойиқ даражада эмасди. Лекин “Оскар”ни унга бердилар. Сездингизми, ҳеч ким эътироз билдирмади. Билдира олмади. Сабаби аниқ – Лео йиллар давомида шунга ҳақли ижод этиб бўлганди.

Криштиану Роналду ҳам финал кечасида ҳеч нарса қилмади. Аниқроғи, унга бирон иш қилишга йўл қўймадилар. Жароҳат олди, майдонни тарк этди. Ўйнаётган пайтида эса, умуман сезилмади. Қизиғи, Португалия йигитлари бошлари узра кубокни кўтараётганларида энг биринчи планга “ҳеч нарса қилмаган” Роналду чиқиб қолди. Ўзини ҳамма ишни бир ўзи қилгандек тутди. Ҳа, шунақа дейсиз, билиб турибман. Аммо бошқа ракурсдан қарайдиган бўлсак, Роналду бутун ўйин давомида қаҳрамонлик мавқифида турганини кўрамиз. Дунёнинг исталган телеканалидаги шарҳни қўйиб кўринг-да, билиб оласиз - ўйин давомида Криштианунинг номи бошқалардан кўпроқ янграса янградики, кам эмас.

Майдонни тарк этиб кетган йигит учрашув охиригача, ҳатто кубок кўтаргунларига қадар ўзини гапиртириб тураверди. Ҳар қандай эпизод орасида Криштиану номи янграйверди. У ҳаммани шунга мажбур қилиб қўйди. Нега, биласизми? Сизга ёқадими, йўқми, Роналду шу куни ўйиндан олдиноқ бош қаҳрамон бўлиб улгурган эди. Асосий ишни Пепе, Патрисиу ва Эдерлар қилган бўлиши мумкин, лекин кубок айнан уники эди.

Ди Каприо жуда кўп фильмларда турлича ролларни ўйнаган ва аксарида сценарийга кўра “вафот этган”. “Титаник”, Қонли алмаз” ва “Авиатор”дек шоҳасарларида унинг қаҳрамони “ўлади”. Биласиз, бош қаҳрамон вафот этадиган фильмлар одатда кучли чиқади. Моҳиятан инсонни ўйлатади ва қандайдир ғоя туфайли кўз юмганига шаъма қилинади. Бироқ, Леонардонинг “Оскар” олишига сабаб бўлган фильмида бош қаҳрамон охиригача тирик қолади. Ўлиш билан иш битмаслигини англаган кўйи марра чизиғига матонат ила етиб келади. Ҳатто фильмнинг номи ҳам унинг ўлмаслигини олдиндан айтади. Бу гўё анови ҳайкалчага шаъма ўлароқ ишлангандек: “Мен бу саҳнага “ўлмасдан” келдим, энди берарсанлар?!”

Роналду майдонни тарк этиб ҳам майдондан чиқиб кетмади. Танаффусдан кейин ва айниқса, қўшиб берилган бўлимларда Криш жамоадошлари юрагига айланганини кўрдингиз... Футболни тушунмайдиган одам даб-дурустдан ТВни ёқса, Роналдуни бош мураббий деб ўйлаши турган гап эди. Сантуш бошини ушлаб қолган пайтда, иложсиз қолган ҳолатларда ҳам португалиялик юлдуз таслим бўлишни истамади. Нимадирлар қилиб юрди. Захирадан майдонга тушаётган йигитларга далдалар бериб юрди. Пепе ва Моутиньога нималарнидир тушунтиришга уринди. 31 ёшга тўлган, ҳаёти давомида жуда кўп ютуқлар кўрган бу инсон гўё умрида биринчи марта кубок ютиши керакдек ҳаракат қилди.

Эдернинг қаҳрамонлиги замирида ҳам Роналду турганини эшитдингиз! Афсонавий жамоадоши, етакчи ватандошининг ҳар қандай гапи уни ўйнатиб юборади. Вақтинча Роналдуга айлантириб қўяди. Биттагина гап кўп нарсани ҳал қилганига нима дейсиз энди?! Ишончим комилки, Криштиану кубок бой берилганига рози бўлиб, бир четда йиғлаб ўтираверганида, Португалия гол ура олмасди. Ютқазарди. Бутун жамоанинг руҳиятини кўтариш, уларни ўз даражаларидан юқорироққа олиб чиқиш вазифасини бажариб берди Криш.

Юқоридаги Напалеоннинг гапи “жанг санъати” китобларида кўп бора айтилади. Футбол ҳам аслан жанг. Унда ҳам ўлмаслик керак. Айиқ босиб қолса ҳам, жарга улоқтириб юборсалар ҳам, жангнинг охиригача етиб келиш керак. Туриб бериш керак! Чидаш керак! Ўлмаслик керак! Лео ва Рони 2016 йили “омон қола билишди”. Уларни умрлари давомида орзу қилган “ҳайкалчалари” билан табрикласак бўлаверади. 
Дарвоқе, буёғига “ўлаверишлари” мумкин...

Х.Ҳамидов.
"Чемпион+", 26-сонидан олинди.

Мавзуга оид