Жаҳон чемпионатида 1/8 финал босқичи якунига етмоқда. 7 июлга ўтар кечаси Испания Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалияни турнирдан чиқариб юборди (1:0), АҚШ миллий жамоаси эса кечирилган Фоларин Балогун билан Белгияга йирик ҳисобда ютқазди (1:4).

Майдон ташқарисида ҳам қизиқарли воқеалар кечмоқда: Америка президенти Доналд Трамп «Балогун иши»да ФИФА раҳбарига босим ўтказганини тан олди, франциялик форвард Килиан Мбаппе эса ирқчиликка учради.

Роналду барибир жаҳон чемпионатини забт этолмади

Португалия – Испания 0:1
Гол: Мерино, 90+1 (0:1)
Португалия: Кошта, Рубен Диаш, Вейга, Нуну Мендеш (Семеду, 56), Жоау Канселу (Далот, 71), Жоау Невеш, Витиня (Бернарду Силва, 83), Бруну Фернандеш, Жоау Феликс (Леау, 71), Педру Нету (Консейсау, 83), Криштиану Роналду
Испания: Симон, Ляпорт, Кубарси, Кукуреля, Порро, Родри, Педри (Мерино, 85), Олмо (Руис, 85), Баэна (Торрес, 75), Ямал, Ойярсабал (Иглесиас, 90)
Огоҳлантиришлар: Бернарду Силва, 89. Вейга, 90 – Торрес, 90

Португалия 1/8 финалда Испанияга қарши ўйиннинг қўшимча дақиқаларида гол ўтказиб, жаҳон чемпионатини тарк этди. Бу Криштиану Роналду учун миллий жамоа сафидаги охирги ўйин бўлиб қолди.

Ўйиннинг илк дақиқаларида – майдон маркази учун кураш кечди. Португалия майдон марказини Испанияга бой бермади. Ямал ўйин дебютида Мендеш босими остида бир неча бор оддий вазиятларда тўп йўқотди. Шунга қарамай, ўйиндаги илк хавфли вазият айнан испанларда юзага келди. Саккизинчи дақиқада Олмо чизиқлар орасини кесиб ўтувчи паси билан Оярсабални яккама-якка вазиятга чиқариб юборди, аммо ҳужумчи шошиб қолди ва яқин масофадан туриб, хато зарба берди.

Кўп ўтмай Роберто Мартинес шогирдлари Роналдуни зарбдор позицияга чиқариш йўлларини излай бошлашди. Стандарт вазиятлардан бири ижро этилганида Криштиану Родри билан контактдан кейин жарима майдонида йиқилди. Аммо англиялик ҳакам Тейлор бу эпизод фолга тортмайди, деб ҳисоблади. Кейин эса Португалия сардори ўнг қанотда яхши очилди ва узатмани қабул қилиб, яқин бурчакка зарба берди – испанлар дарвозабони ишончли ҳаракат қилди.

Кейин эса сейв қилиш навбати Диогу Коштага келди: у Ламин Ямалнинг ўз услубида йўллаган айланма зарбасини ҳам, қайтган тўпга Баэна томонидан берилган иккинчи зарбани ҳам қайтарди.

Бўлим охирларида эса ташаббус португаллар қўлига ўтди ва Симон ҳам иккиталик сейв амалга оширди: у аввалига Фелишнинг бошда йўллаган зарбасини, кейин Роналду акробатик ҳолатда йўллаган зарбани бартараф этди. 41-дақиқада Португалия бу сафарги мундиалда яна бир марта стандарт вазиятни айёрона ижро этди. Мендеш олис бурчакка кучли зарба берди, аммо тўп Порронинг бошига тегди ва йўналишини ўзгартириб, тўсинга борди.