Жамият | 12:42 / 21.07.2016
12945
3 дақиқада ўқилади

Террорчи эрининг қилмишлари учун халқдан узр сўраган аёл ҳикояси

Фото: ktk.kz

Олмаоталик қотилнинг турмуш ўртоғи Аяулим Умбетқулова террорчи билан ўтган ҳаёти тўғрисида сўзлаб берди. Унинг сўзларига кўра, у яхши турмуш ўртоқ ва ота бўлган, аммо қамалиб чиққанидан сўнг ҳаммаси ўзгарган. Бу ҳақида КТК хабар берди

Террорчининг аёли куни кеча Олмаотанинг Қизилўрда вилоятига келтирилди ва сўроқ қилинди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Аяулим Умбетқуловани тонгги соат тўртгача ушлаб туришди. Улар жуфтликнинг қандай танишгани, қаерда яшагани ҳамда эрининг теракт амалга ошириш ниятини сезган ёки сезмаганлигига доир маълумотларни билиб олишга ҳаракат қилишди. 

15 июль куни террорчи уни Қизилўрда вилоятига ўзининг ота-онаси ёнига жўнатди. Ўзи эса шаҳардаги ишларини тугатиб,бир ҳафтадан кейин келишга ваъда берди. 

"У менга қайнонам хасталигини ва унга ёрдам кераклигини айтиб, Бойқўнғирга боришимни сўради. Кейин эса бошқа шаҳарга кўчишимиз мумкинлигини маълум қилди. У Сайранда мени  автобусга ўтказиб юборди, шу билан биз кетдик", - дейди Аяулим.

Террорчи нима билан шуғуллангани тўғрисида турмуш ўртоғига айтмаган. У фақат эрининг эски-туски бозорида қўриқчи бўлиб ишлашини билган, холос. Полициячилар эса унинг мобил телефонлар савдоси билан шуғулланганини айтишмоқда. 

Куликбаев бир неча кунлаб уйга келмаган пайтлари ҳам бўлган. Биргаликдаги етти йиллик турмуши давомида Аяулим эрининг бирорта дўстини кўрмаган. Улар бир неча йил давомида Олмаотанинг турли туманларида ижарага уй олиб яшашган. Ҳеч бир уйда 3 ойдан кўп туришмаган. 

"У уйда йўқлигида ҳаттоки эшикни очишни тақиқлаганди. Бунинг учун хафа бўлсам, у мени шунчаки рашк қилишини айтарди, шу боис доим уйда ўтиришимни истарди", - дейди аёл. 

Навбатдаги қамоқ жазосидан сўнг Куликбаев хотинига ҳижоб ўратмоқчи бўлган. Бироқ аёл буни кескин рад этган. У эрини ҳақиқий дин кишиси деб ҳисоблаган. Аяулим янгиликлар орқали эрининг теракт содир этганини билиб ишонгиси келмаган. У хали-ҳануз бунинг ёлғон бўлиб чиқишига умид қилади.

"Мен унинг бундай иш қилганлигига халигача ишонмайман. Эҳтимол, кимдир уни бунга мажбурлагандир", - дея тахмин қилади аёл. Шунга қарамай, Аяулим ажрашишга қатъий қарор қилди. Ҳозир аёл ҳаммасидан ҳам фарзандларидан хавотирда. Унинг кичик қизи ва ўғли бор. 

Аяулим ҳалок бўлганларнинг яқинларидан кечирим сўради ҳамда унинг оиласини, фарзандларини қарғамасликни илтимос қилди. 

Полиция ходимлари Аяулим ва унинг эри яшаган уйда тинтув ўтказиб, у ерда ҳеч бир хавфли нарса топишмади. 

Мавзуга оид