18 апрел куни Киевнинг Голосеевский районида рўй берган отишмадан кейин ижтимоий тармоқларда гувоҳлар томонидан олинган видеолардан бири кенг тарқалди. Унда эркак ва аёл бўлган икки полициячи ўқ овозлари эшитилганидан кейин воқеа жойида фуқароларни, жумладан ёш болани ташлаб, қочиб кетишганини кўриш мумкин. Кўп ўтмай Украина расмийлари ушбу полициячиларга нисбатан хизмат текшируви бошлангани, уларнинг ўзи тергов вақтида хизматдан четлатилганини маълум қилди.

Прокуратура полициячиларнинг отишма пайтида ўз вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги юзасидан жиноий иш қўзғатди, деди Украина бош прокурори Руслан Кравченко. Полициячиларнинг ҳаракатлари оғир оқибатларга олиб келган хизматга совуққонлик билан қараш (Украина Жиноят кодексининг 367-моддаси 3-қисми) бўйича тергов қилинмоқда.

«Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фуқаролар ҳаётига жиддий хавф туғилган пайтдаги барча ҳаракатлари, хусусан, ёш болани хавф остида қолдириш ва ҳужумчининг ҳаракатларини ўз вақтида тўхтатмаслик эпизодига тегишли ҳуқуқий баҳо берилади», – деган бош прокурор.

Украина ички ишлар вазири Игор Клименко эса полициячиларнинг ҳаракатини «шармандалик» ва «нолойиқлик» деб атаган. Вазир уларнинг раҳбарларига нисбатан «қўшимча чоралар қабул қилиниши»га ваъда берган.

Кўп ўтмай Украина патрул полицияси департаменти раҳбари Евгений Жуков истеъфога чиқди. Шу билан бирга, у мамлакат ички ишлар тизимида қолади. Патрул полицияси таркибида бўлган Украина Миллий полицияси раҳбари Иван Виговский Жуковга «қандайдир бошқа лавозим топилиши»ни айтган.

Киевдаги отишма 18 апрел куни кечқурун рўй берганди. Ҳужум қилган шахс аввалига кўчадаги ўткинчиларни ўққа тутган, кейин эса супермаркетга кириб, одамларни гаровга олган. Дастлабки хабарларда олти киши ҳалок бўлиб, 15 киши яралангани айтилганди. Яраланганлар орасида 12 ёшли бола ҳам бор. Бу видеода полициячилар билан бирга акс этган бола экани тахмин қилинмоқда. Унинг отаси ва холаси ҳодиса вақтида ҳалок бўлган. 20 апрелга келиб шифохонадагилардан бири вафот этгани ва қурбонлар сони етти нафарга етгани маълум бўлди. Украина ҳукумати теракт ҳақидаги модда бўйича жиноий иш очган.

Гумонланувчи рухсатномаси бор қуролдан ўткинчилар ва дўкондаги харидорларга қарата ўқ узган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг қуролга рухсатномани расмийлаштириш учун зарур бўлган тиббий маълумотномаларни қандай олганини текширади. ИИВ раҳбарининг сўзларига кўра, гумонланувчининг руҳий ҳолати «беқарор бўлгани аниқ». Хабарларга кўра, кўчага қурол кўтариб чиқишдан олдин у ўз квартирасини ёқиб юборган.