Жаҳон | 14:53 / 28.07.2016
24735
2 дақиқада ўқилади

Довудўғли Су-24 самолёти ўз буйруғи асосида уриб туширилганини тан олди

Туркиянинг собиқ бош вазири Аҳмад Довудўғли маълум қилдики, ўтган йилнинг ноябрида Россиянинг Су-24 самолёти уриб туширилиши ўз буйруғи асосида амалга оширилган. Бу ҳақида Hurriyet хабар тарқатди.

"Давлатимиз қонунларига кўра, бош вазир бош қўмондонликка қуролланган кучдан фойдаланиш қоидалари ҳақида ёзма буйруқ йўллайди. Мен 10 октябрда шундай буйруқ чиқарганман", деган у NTV эфирида.

Довудўғли "саккиз ой ўтгандан кейин бу масалани яна кўтариш тўғри эмаслиги"ни айтган. У "бундай ҳодиса ҳозир юз берса ҳам, масъулиятни зиммасига олган бўлишини" қўшимча қилган.

Бундан олдинроқ, Туркия бош вазири ўринбосари Меҳмет Шимшек Москвада берган матбуот анжуманида Су-24 ни уриб туширган учувчи мустақил равишда қарор қабул қилганини айтиб ўтган эди. Кейинроқ бу учувчи 15 июль оқшомидаги исёнга алоқадорлиги ҳақида хабар чиқди.

2015 йилнинг 24 ноябрь куни Туркиянинг F-16 қирувчиси Россиянинг Су-24 самолётини уриб туширди. Расмий Анқара Россия ҳарбий самолёти Туркия ҳаво чегарасини бузганлигини эътироф этмоқда, Кремль эса буни рад этиб, ҳаво кемаси Сурия ҳудудидан ўтмаганини уқтирмоқда.

Самолёт учувчиси Олег Пешков катапульта ёрдамида кемани тарк этди, аммо ҳаводалигида қуролли шахслар томонидан отиб ташланди. Унга ўлимидан сўнг Россия Қаҳрамони унвони берилди.

Бу воқеа Туркия ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг кескин ёмонлашувига сабаб бўлди.

Шу йилнинг июль ойи охирида Туркия президенти Су-24 учувчисининг ҳалокати учун Путиндан узр сўрагани ҳақида хабарлар берилди ва тез орада икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар илиқлаша бошлади.