Ўзбекистон | 22:06 / 05.08.2016
21737
2 дақиқада ўқилади

МТС UMS қўшма корхонасидаги улушини сотди

Россиянинг МТС компанияси 5 август куни кечқурун ўзининг Ўзбекистонда ташкил этилган Universal Mobile Systems (UMS) қўшма корхонасидаги 50,01 фоизлик улушини сотгани ҳақида маълум қилди.

Россия оператори тарқатган пресс-релизда қайд этилишича, акциялар назорат пакети Ўзбекистон республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қошидаги "Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази" Давлат унитар корхонаси ихтиёрига ўтган.

"Бизнесга оид бир қатор сабаблар ва бошқа шарт-шароитлар туфайли МТС UMS қўшма корхонасидаги ўз улушини сотиш қарорини қабул қилди", деган МТСнинг хорижий компаниялар бўйича вице-президенти Андрей Смелков.

2014 йилнинг 23 сентябрида МТС UMS устав капиталининг 50,01 фоизини беғараз асосда қабул қилиб олганди. Акцияларнинг қолган 49,99 фоизи Радиоалоқа, радиоузатиш ва телевидение марказига тегишли эди.

4 август куни Россия нашрларида МТС компаниясининг август охирига қадар UMS таъсисчилари таркибидан чиқиш имкониятлари тўғрисида хабар қилинди.

Кейинроқ UMS узоқ муддатли режаларини татбиқ қилишда давом этиши ҳақида хабар берилганди.

UMS Ўзбекистон ҳудудида 2014 йил 1 декабрдан тижорий мобиль алоқа тармоғини ишга туширган. 2016 йил бошида UMS абонентлар базаси 1,095 миллионга етганди.