Жамият | 08:40 / 07.08.2016
7362
2 дақиқада ўқилади

Испания полицияси заргарлик буюмларини ўғриловчи "Пушти пантералар" гуруҳининг 5 аъзосини қўлга олди

Барселонада қимматбаҳо заргарлик буюмларини ўғрилаш билан шуғулланадиган "Пушти пантералар" гуруҳининг 5 аъзоси қўлга олинди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Испания полицияси жиноятчиларни 5 августда улар заргарлик дўконини тунагандан кейин қўлга олган. Жиноятчилар бир дақиқадан камроқ вақт ичида дўкондан 400 минг евролик заргарлик буюмларини олиб чиқиб кетишган.

Жиноятчиларнинг барчаси серб миллатига мансуб.

Таъкидланишича, ўғрилар қўлга олинишидан олдинроқ Германия полицияси испаниялик ҳамкасбларини ўғрилардан бири Белграддан Барселонага ўтганини маълум қилган.

Интерпол сайтидаги маълумотларга кўра, 1999 йилдан 2015 йилгача "Пушти пантералар" умумий ҳисобда 334 млн евролик заргарлик буюмларини ўғрилашган. Улар жами 380 та дўконга қуролли босқинчилик уюштирган.

"Википедия"даги маълумотга кўра, халқаро жиноий тўдага бундай номни шундай номдаги комедик фильмга монанд Интерпол берган. Жиноий тўдага Босния, Хорватия, Македония, Черногория ва сербияликлар киради. Улар Швейцария, Япония, Франция, Германия, Испания, Монако, Лихтенштейн ва БААдаги ўғриликларда гумон қилиниб келинадилар.

Маълумот учун, "Пушти пантера" фильми Яқин Шарқ мамлакатларидан бири подшоҳининг қизига тегишли "Пушти пантера" номли олмоснинг ўғриланиши ҳақидаги комедик фильм бўлиб, 1963 йилда суратга олинган.

Мавзуга оид