Ўзбекистон | 18:24 / 19.08.2016
6465
6 дақиқада ўқилади

Миллий матбуот марказида “Ўзэлтехсаноат” АЖ фаолиятига оид брифинг бўлиб ўтди

2016 йил 18 август куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Мустақиллик йилларида “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси томонидан амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, қўлга киритилган ютуқлар ва муаммолар тўғрисида”  брифинг  ўтказилди. Тадбирда “Ўзэлтехсаноат” АК таркибига кирувчи корхоналар раҳбарлари ва оммавий  ахборот  воситалари  ходимлари  иштирок этди. 

Тадбирда Ўзбекистонда мустақиллик йилларида электротехника саноатининг вужудга келиши ва шаклланиши босқичлари, тармоқнинг бугунги  кундаги  ҳолати ва республикада электротехника саноатини  ривожлантиришнинг  истиқболлари  ҳақида  ахборот берилди. 

Таъкидландики, истиқлол  йилларида Президент Ислом Каримов ташаббуси билан иқтисодиётимизда амалга оширилган таркибий ўзгаришлар натижасида саноатнинг алоҳида тармоғи сифатида электротехника саноати вужудга келди. Бугунги кунда мазкур тармоқ республикада жадал ривожланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги “2014-2018 йилларда республикада электротехника саноатини янада ривожлантириш ва бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори тармоқнинг ривожланишида мутлақо янги босқични бошлаб берди. Қарорга мувофиқ “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси ташкил этилди.  

1994 йилда тармоқ корхоналари ишлаб чиқариш ҳажми 800 миллион сўмни ташкил этган ва  республикадаги жами саноат ишлаб чиқаришидаги уларнинг улуши  атиги 0,3 фоиз бўлган. Ўша йили жами 6 миллион долларлик  маҳсулот  экспорт  қилинган. 

2005 йилга келиб тармоқда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 80 млрд. сўмга етди. Айни вақтда компания тизимида 50 га яқин корхоналар турли йўналишларда фаолият юритади, булар - кабел, электротехника, маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар  ва  уларга  техник   хизмат кўрсатувчи корхоналардир.
2015 йилда 1 триллион 300 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришга эришилди. 2015 йилда тармоқ корхоналари томонидан 1,0 трлн. сўмдан ошиқ ишлаб чиқарилган маҳсулот республиканинг турли тармоқларига, жумладан, энергетика, нефт ва газ, тоғ-кон саноатларига, ижтимоий соҳа объектларга етказиб берилди. 
2016 йилнинг I-ярим йиллиги давомида "Ўзэлтехсаноат" АК тизимида саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 630,7 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 116,6 фоиз ўсишига эришилди. Компания корхоналари томонидан 218,5 млрд. сўмлик халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқарилди. Жумладан, электр чангютгичлар ишлаб чиқариш 2,7 баробар ўсди, 50,8 минг дона кир ювиш машиналари ишлаб чиқарилгани ҳолда 158,9 фоизга ўсишга эришилди. Жами ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 21,9 фоизи экспортга  йўналтирилди.

Бугунги кунда компания таркибидаги 27 та корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган рақобатбардош маҳсулотлар Марказий Осиё, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва бошқа хорижий мамлакатларга экспорт қилинмоқда. 2015 йил якуни бўйича 167,7 млн. доллар қийматидаги маҳсулотлар ташқи бозорларга сотилди ва 2010 йил кўрсаткичларига нисбатан  172 фоиз  ўсишга  эришилди.

Брифингда 2005-2015 йилларда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш натижасида маҳсулотларнинг ишлаб чиқаришдаги улуши сезиларли ўзгариб бораётгани қайд этилди. Хусусан, маиший техника маҳсулотларининг улуши 2005 йилда 3,7 фоиз бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2015 йилга келиб  28,9 фоизни  ташкил қилди.  Охирги 5 йилда олдин импорт қилинган 25 дан ортиқ маиший техника маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. 2010 йилда 22,3 млрд. сўмлик маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса,  2015 йилга келиб бу кўрсаткич 334,8 млрд. сўмни ташкил қилди.  Натижада 2015 йилда ишлаб чиқарилган маиший техникалар маҳсулот турига қараб республика ички истеъмол бозорининг ўртача 40-45 фоиз қоплашига эришилди. Охирги йилларда янги маиший электротехника маҳсулотлари  ишлаб  чиқарувчи 20 га яқин корхоналар ташкил этилди.

Бугунги кунда "Ўзэлтехсаноат" АК тизимида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури доирасида 40 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Компания томонидан 2016-2019 йиллар давомида худудларни иқтисодий ривожлантириш ва қишлоққа саноатни олиб киришни жадаллаштиришга қаратилган қиймати 295 миллион доллар бўлган 95 та инвестициявий лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳаларни татбиқ этиш натижасида 5 мингга  яқин  янги  иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Бу лойиҳаларнинг татбиқ этилиши ички истеъмол бозорини маҳаллий маҳсулотлар билан таъминланиш даражасини янада оширишга хизмат қилади ва ҳозирда импорт қилиб  келинаётган  маҳсулотлар  ҳажмини  кескин  қисқаришига  олиб  келади. 

2016 йилда кондиционерлар ишлаб чиқаришни 37,2 фоизга (ўсиш 8,6%), газ ва электр плиталарни 56 фоизга (ўсиш 6,7%), телевизорларни 60,1 фоизга (ўсиш 6,5%), холодильникларни 32,5 фоизга (ўсиш 4,6%), кир ювиш машиналарни 65 фоизга (ўсиш 3,1%) етказиш  режалаштирилмоқда. 

Ҳозирда тармоқни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра 2030 йилгача соҳада 1.0 млрд. долларга  яқин сармоя ўзлаштирилиб, 22 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилади ва барча корхоналарни модернизациялаш ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажми 5,1 баробарга ортиши прогноз  қилинмоқда. 
Тадбирда тармоқда таркибий қайта ўзгартиришларни янада чуқурлаштириш, саноат ишлаб чиқаришини модернизациялаш ва диверсификациялаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари ва турларини кенгайтириш, янги ташқи бозорларни аниқлаш, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, замонавий электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни  изчил давом эттириш лозимлиги, бу борада ҳали фойдаланилмаётган захиралар ва имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. 

“Ўзэлтехсаноат” АК 
Ахборот хизмати

Мавзуга оид