Жаҳон | 15:56 / 31.08.2016
6209
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда терактлар амалга оширишни режалаштирган 3та гуруҳ фаолиятига чек қўйилди

Қозоғистон ғарбида, Ақтўбе вилоятида 12-30 август кунлари давомида мамлакат ҳудудида терактлар содир этишни режалаштирган 3та радикал гуруҳ фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси хабарида айтилган.

«Миллий Хавфсизлик қўмитаси 12 – 30 август давомида Ғарбий Қозоғистон ва Ақтўбе вилоятларида уч радикал гуруҳ фаолиятига чек қўйилганини хабар қилди. Натижада, радикал гуруҳларнинг ҳуқуқни сақлаш органлари ходимларига ва аҳоли тўпланадиган жойларга таёрлаётган ҳужумлари олди олинди», — дейилган қўмита хабарида.

Ҳуқуқни сақлаш органларидаги манбанинг айтишича, радикал гуруҳ аъзоларининг турар жойларида ўқотар қуроллар ва ўқлар, тротил, қўлбола портловчи мосламалар, пичоқлар, экстремистик мавзудаги аудио ва нашриёт материаллари топилган. Ундан ташқари махсус қоғоз, компьютер ва нусха кўчириш техникаси, ва гуруҳ аъзолари томонидан тайёрланган қалбаки пуллар ҳам топилган.

Қўлга олинган гуруҳ аъзоларига қарши Қозоғистон республикаси Жиноят кодексининг 174 — Ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоват уйғотиш, 256 — Террорчиликни тарғиб қилиш, оммавий террорчилик акти амалга оширишга даъват қилиш, 257 — Террорчи гуруҳ ташкил қилиб уни бошқариш, 231 — Қалбаки пул ёки қимматли қоғизлар таёрлаш ва ундан фойдаланиш, 287 — Ноқонуний равишда қурол-яроғ, портловчи моддалар сотиб олиш, сотиш, бировга бериш ва сақлаш ҳамда 288 — Ноқонуний равишда қурол ясаш моддаларига асосан жиноий иш қўзғатилган.

Қозоғистон МХҚ хабарига кўра Ғарбий Қозоғистон вилоятида 10 киши, Ақтўбе вилоятида – 11 киши ҳибсга олинган. 

Айни вақтда қўлга олинганларни тергов қилиш ишлари давом этмоқда.

Мавзуга оид