Жамият | 09:47 / 04.09.2016
28818
8 дақиқада ўқилади

Буюк меҳр олдидаги қарздорлик

Халқимиз бошига оғир мусибат тушган бу кунда миллионлаб ўзбек ёшлари  қатори  мен  ҳам чуқур қайғудаман. Чўққининг виқори узоқдан залворли  кўринганидек мустақиллигимиз меъмори Ислом Абдуғаниевич  Каримов  амалга оширган  бунёдкор  ислоҳотларнинг  мислсиз қудрати  ҳам уни йўқотган кунимизда ҳар бир  юртдошимизнинг  қалбида  пурвиқор  тоғдек  юксалаётгани  шубҳасиз.

Тарих, келажак авлод,  албатта, бу буюк ишларга ўз баҳосини беради.  Лекин  бугунги  мусибатли  кунда  Юртбошини сўнгги йўлга кузатаётиб, кўз ёши билан бирга қуйилиб  келаётган  айрим мулоҳазаларни билдирмоқчиман. 

1998 йилда - Республика нафис санъат лицейида ўқиб юрган кезларимда  “Акс садо”  телекўрсатувида  иштирок  этган  бир  гуруҳ   ёшларга  Президентимиз ўз дастхатлари  туширилган  китобларини тақдим этган эди. Китобда “Катта ишонч ва умид билан!” сўзлари ёзилган эди. Ўшанда 16 ёшда эдим. Бу воқеа бундай бахтга сазовор бўлган бошқа тенгдошларим қаторида менинг ҳаётимни  ҳам бутунлай  ўзгартириб  юборди.  Кейинчалик  телекўрсатув бошловчиси, таниқли  журналист Қуддус Аъзамов айтиб  берган  эдики, Ислом  Абдуғаниевич  “Ёшларимиз учун  экан бу” деб эринмасдан 200 та китобга  ўз  қўллари  билан  ёзиб  чиққан эканлар....

Мана шу  китобни  ҳозиргача энг азиз туҳфа сифатида  сақлаб келаман. Кеча  машум  хабарни  эшитибоқ  яна  ўша  китобни  титраб  варақладим:  “Катта ишонч ва умид билан!”... Мана шу сўзлар неча йилдирки, менга куч бериб, доимо  фаол, фидойи  ва уйғоқ  бўлишга  ундаб  келди. Мана шу жумла сабаб мен қишлоқдан келиб пойтахтдан яшаб қолдим. Олийгоҳга кирдим, ишга  жойлашдим. Қаерда ишламай  обрў-эътибор топишга, фаол бўлишга,  давлат  раҳбарининг катта умиди ва ишончини оқлашга астойдил интилдим. 

Ислом  Каримов  бутун  халқимизга  ишонч,  умид  берди. У бизни энг оғир дамларда ҳам қаддимизни эгмасликка, ҳеч кимга қарам бўлмасликка ўргатди. У биз  ёшларни  жасоратга, матонатга, фидойиликка, шу азиз Ватанни  чинакамига  севишга,  тинчликни  қадрига етишга  ўргатди.  Унинг халқимизга, биз  ёшларга  меҳру муҳаббати чексиз ва ҳадсиз эди!  

Кунларнинг бирида - 22 ёшимда менга Президент Фармони билан “Шуҳрат”  медалига  сазовор  бўлганимни  айтишди. Мен  ўшанда буни тасаввуримга ҳам сиғдира  олмагандим. Қишлоққа медални тақиб борганимда ота-онам  қувончдан  хўнграб  йиғлаб  юборишганди. 

Ўзингиз энди тасаввур қилинг, мустақиллик йилларида қанчадан-қанча йигит-қизлар Юртбошимиз ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб, орден-мукофотлар соҳиби бўлди. Болалар спортига қаратилган эътибор сабабли мамлакатимизда қанчадан-қанча жаҳон ва осиё чемпионлари етишиб чиқди. Руслан Нуриддинов, Ҳасанбой Дўстматов, Шаҳобиддин Зоиров каби олимпиада  чемпионлари  ана  шу сиёсатнинг маҳсули эмасми?!   

Ёшларимизнинг бу каби ютуқларни қўлга киритишига замин яратган бир кучли  омил  бор.  Бу – давлат раҳбарининг ишончи ва рағбати! Ислом Каримов  биз – ёшларни  оталарча  яхши  кўрар  эди. У киши ёшларнинг ютуқларидан  беҳад мамнун бўлар эди. У киши бизга ишонарди ва бизни ҳам доимо ҳеч кимдан кам бўлмасликка, ўз кучимизга ва салоҳиятимизга  ишонишга  даъват  қилар  эди.  
Юртбошида  ёшларга  қўшимча  қувват, ғайрат-шижоат  бағишловчи куч, меҳр  бор  эди.  У киши  доимо ёшларимизга мурожаат қилиб, янгидан-янги зафарларга ундарди. Жуда  кўп  ёшларимиз  ўз ютуқларига эришишида  давлат раҳбарининг далдаси ва ишончи ҳал қилувчи омил бўлганлигини  айтишган. 

Мен мана шундай  буюк тарихий  шахс билан учрашиш бахтига муяссар бўлганимдан фахрланаман. Бу онлар ҳаётимнинг энг унутилмас дамлари бўлиб хотирамда  умрбод сақланиб қолади. Юртбоши менга “Ўғлим” деб мурожаат  қилган.  Бу менга  ўзгача  далда  ва  ишонч  берган.  Умримнинг охиригача у кишининг менга  кўрсатган  меҳри  ва ишончини  оқлаш  учун  бор   куч-ғайратимни   бағишлайман.  

Мустақиллик  йилларида  Ислом  Каримовнинг оталарча меҳри билан минглаб  ёшлар – бутун бошли  янги бир авлод  камолга  етди.  Биз  ёшлар ана  шу  меҳрга ва  ишончга  содиқ  қолиб,  ўз кучимизга ва салоҳиятимизга ишониб, янги марраларни эгаллашимиз шарт. Бу биз учун ҳам фарз, ҳам қарз!  

Мустақиллигимизни, тинч ва осуда ҳаётимизни  кўз қорачиғидек  асраб-авайлаш, Юртбошимиз орзу қилганидек Ўзбекистоннинг дунёдаги ривожланган  давлатлар  сафидан  жой  олиши  учун  фидокорона хизмат қилиш  шу юртда яшаётган, миллати ва динидан қатъий назар ҳар бир йигит-қизнинг  фарзандлик  бурчидир!  
Ўшандагина бизга билдирилган катта умид ва ишончни оқлай оламиз, ўшандагина биз ота олдидаги бурчини бажарган фарзанддек  виждонан  пок ва  хотиржам  бўлишимиз мумкин.
“Бўш  келманг, фарзандларим, давр бизники, марра бизники”!

Мана  шу  даъват  бугун ўз отаси билан видолашаётган миллионлаб ёшларимизнинг  қулоқлари  остида  худди  яшиндек  чақнаб,  биз ёшларга миллий давлатчилигимиз  ривожига  улкан  ҳисса  қўшган буюк давлат арбоби – Ислом  Каримов  олдидаги  қарздорлик ва фарзандлик бурчимизни ҳар лаҳза, ҳар  дақиқада   ёдга  солиб  туришини  истардим.
  
Шуҳрат  Орипов
 

Мавзуга оид