Жаҳон | 14:32 / 13.09.2016
5316
2 дақиқада ўқилади

Қатар Яманда 3 нафар ҳарбийси ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилди

Қатар Саудия Арабистони бошчилигидаги халқаро коалиция таркибида Ямандаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётган 3 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилган. Бу ҳақда КУНА агентлиги Кувайтдаги ҳарбий манбасига асосланган ҳолда хабар тарқатган.

"Биз ўз бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ефрейтор Муҳаммад Авад Салим ҳамда оддий аскарлар Муҳаммад Довуд Хайял ва Муҳаммад Носир Муҳаммаднинг ўлими муносабати билан чуқур таъзия билдирамиз", дейилган хабарда.

Яман ҳукумати ва шиалардан иборат исёнчи ҳусийлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар 2014 йилнинг августида авж олганди. 2015 йилнинг январида исёнчилар пойтахт Санони эгаллашди ва ҳукумат жанубдаги порт шаҳри Аданга чекинди. 2015 йилнинг март ойи охирида эса Саудия Арабистони ва бошқа иттифоқчи араб давлатлари коалиция тузиб, Яманнинг қонуний ҳукуматини қўллаб-қувватлаган ҳолда ҳарбий ҳаракатларга қўшилди.

БМТ маълумотларига кўра, ўтган вақт ичида олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар натижасида 10 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, тинч аҳоли вакиллари ўртасида ҳалок бўлганлар сони эса 3,7 минг нафардан ортиқ кишини ташкил қилган.

Мавзуга оид