Жаҳон | 08:48 / 16.09.2016
5921
2 дақиқада ўқилади

Мехикода бир неча минг киши президентнинг истеъфога кетишини талаб қилиб намойиш уюштирди

15 сентябрда Мексика пойтахти Мехикода кечки вақт ўтган намойиш иштирокчилари мамлакат президенти Энрике Пенья Ньетонинг истеъфога кетишини талаб қилишди. Мехико кўчаларига Мустақиллик куни арафасида бир неча минг киши, жумладан 2014 йил 26 сентябрда Игуала шаҳрида бедарак йўқолган 43 талабанинг ота-оналари ва курсдошлари чиқди.

"Жамият бу президентлик муддатида юз берган воқеалардан чарчади ва шу тариқа биз ҳукуматга ўз нафратимизни билдирмоқдамиз", деб айтди Игуаладаги ҳужумда омон қолган Омар Гарсиа. Намойиш иштирокчилари "Пенья кўздан йўқол!", "Кураш давом этади" деб ҳайқирганлар. Мехико ҳукуматининг баҳолашича, намойишчилар 5 минг кишини ташкил қилган. Ҳуқуқ-тартибот муассасалари билан тўқнашувлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.

Игуаладаги фожиада 6 киши ҳалок бўлган, 20 киши ярадор бўлган ва яна 43 киши бедарак йўқолган. Ҳукумат коррупциялашган полициячилар уларни "Геррерос унидос" жиноий тўдасига берганини аниқлаган. Тахминларча, тўда талабаларни ўлдириб, уларнинг жасадларини йўқ қилиб юборган. Шунга қарамай, йўқолган талабаларнинг ота-оналари уларни қидиришни давом эттиришни талаб қилишмоқда. 14 сентябрда Игуаладаги жиноят тергови учун жавоб берган мамлакат бош прокуратураси тергов бошқармаси раҳбари Томас Серон де Лусио ўз лавозимини тарк этди.

 

Мавзуга оид