Бугун океан ортида футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинлари бошланади. 48 жамоа иштирокидаги турнирни мезбонлардан бири бўлган Мексика ва 16 йил олдинги мундиалга мезбонлик қилган ЖАР миллий жамоалари ўртасидаги учрашув очиб беради. Қуйида А гуруҳидан ўрин олган жамоалар ҳақида асосий маълумотлар ва уларнинг имкониятлари ҳақида.

А гуруҳи тақвими

1-тур

12 июнга ўтар кечаси, соат 00:00 (Тошкент вақти)
Мексика – ЖАР

12 июн, соат 07:00
Жанубий Корея – Чехия

2-тур

18 июн, соат 19:00
Чехия – ЖАР

19 июн, соат 06:00
Мексика – Жанубий Корея

3-тур

25 июн, соат 06:00
Чехия – Мексика

25 июн, соат 06:00
ЖАР – Жанубий Корея

Мексика

Мураббий

Жамоа охирги Америка кубогида гуруҳдан чиқа олмагач, 2024 йил июлида бош мураббий Ҳайме Лосано ўрнини Ҳавиер Агирре эгаллади – бу унинг учун жамоа бошқарувига учинчи бор келиши бўлди. У олдин ҳам икки марта мексикаликларни жаҳон чемпионатларига олиб борган – 2002 ва 2010 йилларда. Иккала ҳолатда ҳам жамоа плей-оффга чиққан, аммо 1/8 финалдан ортга қайтган.

Ушбу мутахассис Мексика билан икки марта КОНКАКАФ Олтин кубогини қўлга киритган, футболчилик вақтида эса 1986 йилги жаҳон чемпионатида жамоанинг асосий футболчиси бўлган – аммо чорак финалда Германияга қарши ўйинда қизил карточка олган, якунда мексикаликлар пеналтилар сериясида ютқазишган.

Юлдузлар

Жамоатчиликнинг эътибори биринчи навбатда 40 ёшли Гилермо Очоага қаратилмоқда. Ушбу дарвозабон учун бу сафарги мундиал олтинчиси бўлади – бу кўрсаткич бўйича у Месси ва Роналду билан бир қаторда мутлақ рекорд эгаси бўлади. Шу билан бирга, у майдонга тушиши даргумон. У 2024 йил ноябридан буён миллий жамоа дарвозасини қўриқламаяпти, 2026 йилда мексикаликлар дарвозасини «Гвадалаҳара» посбони Раул Ранҳел ҳеч кимга бермаяпти.