2026 йилги жаҳон чемпионати расман старт олди. Мексика турнирнинг биринчи ўйинида ЖАР устидан ишончли ғалабага эришди (2:0).

Мексика – ЖАР 2:0
Голлар: Кинионес, 9 (1:0). Ҳименес, 67 (2:0)
Мексика: Ранҳел, Монтес, Васкес, Галярдо, Рейес, Лира (Алварес, 76), Фидалго (Мора, 66), Гутеррес (Чавес, 66), Кинионес (Вега, 79), Алварадо, Ҳименес (Гонсалес, 76)
ЖАР: Уилямс, Мбокази, Сибиси, Окон, Модиба (Апполлис, 77), Мудау, Ситоле, Адамс (Зване, 61), Мокоэна, Фостер (Мбата, 56), Райнерс (Макгопа, 77)
Огоҳлантиришлар: Гутеррес, 23 – Мокоэна, 17. Сибиси, 74
Четлатиш: Ситоле, 49. Зване, 84. Монтес, 90 

Африкаликлар иккинчи бўлим бошида, ҳисоб 0:1 эканида сон жиҳатдан озчилик бўлиб қолишди. Яя Ситоле 49-дақиқада ЖЧдаги дебют ўйинида тўғридан тўғри қизил карточка олди – биринчи гол урилган вазиятда ҳам айнан у хатога йўл қўйганди. Қизил кўрсатилган вазиятда эса у Брайан Гутерресни жарима майдонига киришда қўполлик ишлатиб тўхтатди – ҳакам буни сўнгги умид фоли деб баҳолади.

Ўйин охирлашганида, ҳисоб 2:0 кўринишига келиб бўлганида эса VAR аралашуви ЖАР жамоасида иккинчи қизил карточкага олиб келди. Ўйинга захирадан қўшилган Темба Зване ҳужум вақтида Алварадонинг бошига қўли билан зарба берди. Ўйин бош ҳаками Вилтон Сампайо мониторга бориб вазиятни кўриб чиқди ва чўнтагидан қизил карточкасини чиқарди.

Ва бу ҳали ҳаммаси эмасди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Мексика ҳам ўн киши бўлиб қолди. Жамоа сардори Сесар Монтес дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бораётган Кхулисо Мудауни йиқитди.

Очилиш ўйинидаги учта қизил карточка – ЖЧ тарихида илк бор кузатилмоқда. 

Яна нималар бўлди: Ҳименеснинг ЖЧдаги илк голи, 17 ёшли мексикалик дебюти

Мексика таркиблар тенг ҳолатда ҳам, кўпчилик бўлиб олганида ҳам кучли ўйин намойиш этди.

● Мезбонлар илк дақиқалардан босим уюштирди. Жамоанинг тажрибали ҳужумчиси Раул Ҳименес 5-дақиқадаёқ ажойиб имкониятга эга бўлганди, аммо ЖАР дарвозабони Ронуэн Уилямс унинг кучли зарбасини қайтарди.