Ўзбекистон | 18:41 / 16.09.2016
13803
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбекэнерго” АЖ Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида 1 миллиондан ортиқ кўп функцияли ҳисоблагичларни ўрнатишни режалаштирмоқда

“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятида электр энергияси учун ҳисоб-китоб интизомини мустаҳкамлаш ҳамда электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни такомиллаштиришга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. 

“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Р.Райимов ва бошқалар мамлакатимизда энергетика тармоғини ислоҳ қилиш, электр энергиясида йўқотишларни камайтириш, кўрсатилаётган хизматлар учун ўз вақтида тўловлар амалга оширилишини таъминлаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Бунда электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимининг жорий этилаётгани электр энергияси сарфини аниқ ҳисоблаш имконини бераётир.

Бугунги кунда мазкур тизим Бухоро, Жиззах ва Самарқанд  вилоятларида муваффақиятли татбиқ этилмоқда. Ўтказилган халқаро тендер савдолари якунига кўра, Жанубий Кореянинг “KT Corporation” компанияси билан “Электр  энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини татбиқ этиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида  0,4 киловаттга уланган истеъмолчиларнинг электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш тизими ”лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома имзоланди. 

Айни пайтда тажриба ўтказилаётган ҳудудларда сервер ускуналари ва ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. 2017 йил охирига қадар “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти Бухоро, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида 0,4 киловаттли электр таъминотидан фойдаланаётган маиший,  тижорат ва  саноат истеъмолчиларига 1 миллиондан ортиқ кўп функцияли  ҳисоблагичларни ўрнатишни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид