30 июль куни ҳукумат қарори билан мамлакатда ёқилғи, электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун нарх ва тарифлар оширилди.

Шу билан бирга, электр энергияси учун базавий меъёр жорий қилиниши маълум қилиниб, у аввал белгиланган 300 кВт/соат.дан 250 кВт/соат.гача туширилиши белгиланди. Яъни, ушбу меъёрдан кўп фойдаланилган энергия манбаи нархи 1,5 баравар коэффициентгача бўлган миқдорда қайта ҳисобланиши билдирилган эди.

2019 йил 1 август куни Ўзбекистон Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, «Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ўзбекэнерго» АЖ мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирнинг асосий мавзуси энергоресурслар нархи оширилиши бўлди.

Кириш сўзи билан маъруза қилган Молия вазири Жамшид Қўчқоров энергоресурслар нархини ошириш борасидаги ҳукумат қарорининг мазмун-моҳияти, уни қабул қилишнинг объектив сабабларини изоҳлашга ҳаракат қилди. У бу қарорнинг иқтисодиётга ва одамларнинг турмуш даражасига қанчалик таъсирига доир фикрларни билдирар экан, икки-уч йил аввалги ҳолатларни хотирлаган ҳолда мисоллар келтириб, ўз сўзларини тасдиқлашга уринди.

Шу билан бирга, у ҳукумат қарори маълум бир маънода ёқимли бўлмаслигини эътироф этар экан, бозор иқтисодиётига ўтишни мақсад қилган эканмиз, нархлар ҳам эркин бўлиши кераклигини айтди.  

«Нарх-навони ошириш масаласи Молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги ёки бошқа бир идоранинг хоҳиш-иродаси эмас. Бу табиий жараён. Агар биз бозор иқтисодиётини қурмоқчи бўлсак, ҳамма нархлар бозор билан белгиланган бўлиши керак. Кимгадир у қимматлик қилади, кимгадир унчалик эмас, бошқа бир фуқаро миқдорининг фарқи йўқ. Бозор иқтисодиётида нархлар эркин бўлиши керак», - деди Жамшид Қўчқоров.

Унинг айтишича, бозор иқтисодиётига ўтишнинг асосий шартларидан бири, бозордаги каби тош-тарозу тўғри бўлишидир. «Агар, кимдир бир маҳсулотни 8 минг сўмга олса-ю, бошқа бир киши айни шу маҳсулотни 4 минг сўмга олса, демак, бу тош-тарозу бузуқ бўлган»ини англатади, дея бир вақтлар долларнинг бир неча курси бўлганига ҳам ишора қилинди.