Жаҳон | 08:41 / 19.09.2016
5217
2 дақиқада ўқилади

Нью-Йоркда портлашдан кейин хавфсизлик чоралари кучайтирилди

Фото: EPA

Нью-Йорк ҳуқуқ-тартибот муассасалари кучлари шаҳарда содир этилган портлашдан кейин қўшимча минглаб ходимлар билан кучайтирилди. Полиция ва миллий гвардия кучлари шаҳардаги осойишталикни сақлаш, аҳоли ўзини хавфсиз ҳис қилиши учун барча ишни қилади, деб айтди Нью-Йорк штати губернатори Эндрю Куомо.

Куомо "қурбонлар бўлмаганидан бахтиёр бўлишимиз керак", деб айтди. 18 сентябрда портлаган бомба оқибатида 29 киши яраланди. Қўлбола портловчи қурилма кастрюл-скороваркадан фойдаланган ҳолда тайёрланган бўлган. Ҳозирча ушбу воқеа юзасидан ҳеч ким қўлга олинмаган.

"Биз буни қилганларни, хоҳ у якка, хоҳ бир гуруҳ одам бўлсин, албатта топамиз ва жавобгарликка тортамиз", деб айтди Куомо ҳамда ушбу воқеани теракт деб таснифлаш мумкинлиги ҳақида ҳеч нарса айтмади. Бу орада полициянинг хабар беришича, портлаш жойидан бир неча квартал узоқликда иккинчи бомба топилган. 

Чиқинди контейнерига қўйилган бомба Челси туманида, 6- ва 7-авенюлар орасидаги 23-кўчада портлаган. Бу ерда кўплаб ресторанлар, барлар, театрлар жойлашган.

Нью-Йорк мэри Билл де Блазионинг айтишича, портлаш атайлаб уюштирилган. 

Мавзуга оид