Иқтисодиёт | 19:51 / 23.09.2016
9536
3 дақиқада ўқилади

Зарафшонда акрил ипи ишлаб чиқарилмоқда

Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, давлат мулкини хусусийлаштириш, айниқса, давлат тасарруфидаги паст рентабелли, зарар кўриб ишлаётган корхоналар, бўш турган ва қурилиши тугалланмаган биноларни “ноль” харид қийматида сотиш жорий этилгани хусусийлаштириш жараёнида муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2014 йил 3 июлдаги “Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2015 йил 28 апрелдаги “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари зарар кўриб ишлаётган, паст рентабелли ва иқтисодий ночор давлат корхоналарини инвесторларга “ноль” қийматда сотиш имкониятини янада кенгайтирди. 

Навоий вилоятида бўш турган бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиш, инвестиция киритиш шарти билан янги иш ўринлари ташкил этиш мақсадида 15 объект вилоят ҳудудий танлов комиссияси қарорига асосан 9 миллиард 250 миллион сўм ва 550 минг доллар миқдорида инвестиция киритиш мажбурияти ва 422 иш ўрни яратиш шарти билан тадбиркорлик субъектларига сотилган. 

ЎзА хабарига кўра, Зарафшон шаҳрида бўш турган иншоот ўрнида “Орианна Ярнс Текстиль” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона ташкил этилди. 4 миллиард 500 миллион сўм инвестиция киритиш шарти билан фаолият бошлаган корхонада акрил ипи ишлаб чиқарилмоқда. 

"Маҳсулотимизга талаб ортиб, ишлаб чиқариш ҳажми янада кенгаймоқда. Корхонада меҳнат қилаётган 150 га яқин ишчининг асосий қисми ёшлардан иборат. Йилига 700 тонна ип ишлаб чиқариш қувватига эга корхона Қозоғистон Республикаси билан 400 минг долларлик экспорт шартномаси имзолаган. Айни пайтга қадар 43 минг долларлик маҳсулот хорижлик ҳамкорларга етказиб берилди", – дейди қўшма корхона директори Баҳодир Тўлаганов. 

Бўш турган давлат мулки объектларининг тадбиркорларга бепул тақдим этилиши мулкдорлар сафини кенгайтириш, ишлаб чиқаришга маҳаллий ва хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, пировардида аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мавзуга оид