Соғлом ҳаёт | 13:52 / 24.11.2025
6051
3 дақиқада ўқилади

Зарафшонда 3 ёшли қизалоқнинг қўли ишлаётган гўшт майдалагичга кириб кетди — шифокорлар бармоқларни асраб қолди

Воқеа она болани эътиборсиз қолдириши оқибатида юз берган. Қизалоқ оғир аҳволда шифохонага олиб келинган. Дастлаб, қўлни сақлаб қолиш имконияти 50 фоиздан паст баҳоланган. Икки соатдан ортиқ давом этган операция натижасида бармоқлар қурилмадан чиқариб олинган. Ҳозирда бола жарроҳликдан кейинги кузатув палатасида.

Ҳолат Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги хонадонлардан бирида кузатилган. Қизча овқат учун гўшт тайёрлаётган онасининг ёнида турган ва кутилмаганда қўлини майдалагичнинг юқори қисмидаги бўшлиқдан тушириб юборган. Она дарҳол қурилмани тўхтатган, аммо бармоқлар металл конструкция ичида сиқилиб қолган. Жиҳоз металлдан ишлангани ҳисобига уни синдириш имкони бўлмаган.

Шундан сўнг, аёл шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимига мурожаат қилган. Тез тиббий ёрдам ходимлари 12 дақиқа ичида воқеа жойига етиб борган. Болани ҳаракатлантириш жараёнида жароҳат янада чуқурлашиб кетмаслиги учун 3 нафар тиббиёт ходими қизалоқни гўшт қиймалагич билан бирга шифохонага кўтариб келишган.

Зарафшон шаҳар тиббиёт бирлашмаси травматолог-шифокори Элмурод Аҳатовнинг маълум қилишича, бола шифохонага олиб келинганда ҳуши бор, аммо оғриқ шоки остида эди. Чап қўлида кўп миқдорда қон кетиши, юмшоқ тўқиманинг чуқур шикастланишлари кузатилган. Жароҳат асосан чап қўл бармоқлари ва кафт қисмида юзага келган.

Операция 2 соатдан ортиқ давом этди. Жараён жуда мураккаб бўлди, бармоқ пайлари, нерв толалари, мушакларнинг бир қисми жароҳатланганди. Операцияда микрожарроҳлик тикувлари, махсус оптик ускуналар, қон томирларини тиклаш учун нозик жарроҳлик ипларидан фойдаланилди. Энг қийин қисм бармоқлардаги қон томирларни тиклаш бўлди. Чунки бундай ёшдаги болаларда томирлар жуда нозик, уларни тиклаш учун катта тажриба ва аниқлик талаб этилади”, – дейди Элмурод Аҳатов.

Шифокорнинг айтишича, даставвал қўлни сақлаб қолиш имконияти 50 фоиздан паст баҳоланган. Жароҳат чуқур бўлгани, йирик нерв толалари ва қон томирлари шикастлангани сабабли некроз, функцияни йўқотиш хавфи юқори бўлган.

Ҳозирда қизалоқнинг аҳволи барқарор, у жарроҳликдан кейинги кузатув палатасида. Тикланиш жараёни камида 2–3 ой, тўлиқ мотор функцияларини тиклаш эса 6 ойгача давом этиши мумкин.

Жарроҳликдан кейин қўлларнинг тикланиш жараёни организмнинг ўз кучи ва реабилитация кўрсатмаларининг ота-оналар томонидан қандай бажарилишига боғлиқ. Айни пайтда энг муҳим вазифа – инфекция тушишининг олдини олиш”, – дейди шифокор Аҳатов.

Маълум қилинишича, бундай ҳолатлар Зарафшон ва атроф ҳудудларда вақти-вақти билан учраб туради. Айниқса, электр жиҳозларининг хавфсиз тутқичлари бўлмаган эски моделлари билан кўпроқ кузатилади. Асосан, уй шароитида, катталар бир неча дақиқа бошқа нарсага чалғиганда юз беради.

Мутахассис ота-оналарни гўшт майдалагич, блендер, миксер каби кесувчи ва айланувчи деталга эга техникаларни болалар олдида ишлатмасликка чақирмоқда. Фойдаланилмаётган пайтда қурилмаларни электр тармоғидан узиб қўйиш, иш вақтида болани ёнига яқинлаштирмаслик, эски моделларни, ҳимоя қопқоғи йўқ бўлган жиҳозларни эса умуман ишлатмаслик тавсия этилади.

Мавзуга оид