21:24 / 24.09.2016
5156

Lufthansa авиакомпанияси Brussels Airlines’ни сотиб олмоқчи

Германиянинг Lufthansa авиакомпанияси яқин орада Бельгиянинг Brussels Airlines авиакомпаниясини сотиб олмоқчи. Бу ҳақда 24 сентябрда RTBF телеканали маълум қилди.  

Lufthansa раҳбарияти 2016 йил 22 мартидаги терактлар туфайли тўхтатиб қўйилган, бир неча йил давом этган музокараларни тезлаштиришга қарор қилган. Бельгия компанияси Брюсселдаги "Завентем" аэропортида портлашлардан юзага келган жиддий шикастланишлар билан боғлиқ ташкилий масалаларга ўз эътиборини қаратиш учун музокараларда танаффус сўраган. 

Lufthansa’га 2009 йилдан бери Brussels Airlines’нинг 45 фоизи тегишли. Германия авиакомпанияси қолган 55 фоизни ҳам сотиб олмоқчи. Томонлар шартномасида кўзда тутилгандек, битим 2017 йил июнигача амалга ошиши керак. 

Бельгия ОАВ маълумотларига кўра, Brussels Airlines немис авиакомпаниясидан олган ва ҳали қайтарилмаган кредитлар ҳисобга олинса, гап 2,6 млн евролик битим ҳақида кетиши мумкин. RTBF’нинг ҳисоб-китобларига кўра, харид қиймати агар Brussels Airlines’нинг ўтган йилдаги даромади ҳисобга олинса, 140 млн еврони ташкил қилиши мумкин. 

Top