Audi бош муҳандиси истеъфога чиқарилди
Audi компанияси бош муҳандиси ва бошқарув кенгаши аъзоси Штефан Книрш истеъфога чиқди, деб хабар қилмоқда Германия автомобилсозлик компанияси матбуот хизмати.
Книрш 1990 йилда Audi компаниясининг двигателларни конструкторлаш бўлимига ишга кирган. Мутахассис 1996 йили Porsche компаниясига ўтиб, 2001 йилдан янги моторлар ишлаб чиқариш бўлимига раҳбарлик қила бошлади. У 2013 йили Audi компаниясига қайтиб, директорлар кенгаши таркибига кирди. Книрш 2016 йил 1 январидан компаниянинг тадқиқотлар ва янги ишланмалар бўлимига раҳбарлик қила бошлади.
Айни вақтда, унинг истеъфоси сабабига ойдинлик киритилмаяпти. Бироқ, Audi матбуот хизматининг маълум қилишича, бош муҳандис директорлар кенгаши қарорига биноан лавозимини тарк этган.
Automotive News нашрининг немис матбуотига асосланган ҳолда ёзишича, Книршнинг истеъфоси Volkswagen концерни билан юз берган «дизель можароси» билан боғлиқ. Американинг Jones Day юридик фирмаси ўтказган текширувларга кўра, Книрш Audi компаниясининг 3 литрли моторларига жойланган «алдовчи қурилмалар»дан хабардор бўлган, аммо қасамёд қила туриб ёлғон кўрсатмалар берган.
«Дизель можароси» 2015 йил сентябрида, АҚШнинг атроф-муҳитни ҳимоя қилиш агентлиги (EPA) VW компаниясини дизель моторларида фирибгарликка имкон берувчи қурилмадан фойдаланишда айблагач, рўй берган эди. Махсус дастур синовлар вақтида ўлчаш қурилмаси қўйилганида моторларни «тоза тартиб»га ўтказган. Бунинг натижасида, мотордан чиқувчи заҳарли газлар миқдори бир неча ўн мартага муваққат камайган.
«Дизельгейт»дан кўп ўтмай, Германия концернининг бош директори Мартин Винтеркорн истеъфога чиқди. Бундан ташқари, VW раҳбарияти Volkswagen, Audi ва Porsche компанияларининг бош муҳандисларини ишдан олди.
Мавзуга оид
20:31
Volkswagen Tesla’нинг рақобатчиси билан 5,8 млрд долларлик битим имзолади
22:16 / 28.10.2024
Volkswagen Германиядаги камида учта заводини ёпади
14:06 / 26.10.2024
Porsche қимматбаҳо қаҳва машинаси ва қаҳва майдалагични тақдим этди
08:30 / 26.09.2024