Фан-техника | 22:21 / 28.09.2016
8457
2 дақиқада ўқилади

Интернетда янги Land Rover Discovery’нинг илк суратлари пайдо бўлди

Интернетда кейинги авлоддаги Land Rover Discovery йўлтанламасининг биринчи расмий фотосуратлари чоп этилди. Суратлар британ маркасининг Австралиядаги сайтида пайдо бўлди, бироқ кейинроқ ўчириб ташланди. Шунга қарамай, бу суратларни ходими янги автомобилнинг суратларини сайтдан скриншотлар сифатида олишга улгурган Car Advice нашри ўз саҳифасида чоп этди.

Суратларга кўра, автомобиль янги авлоддаги Discovery Sport ва 2014 йил бошида тақдим қилинган Discovery Vision концепт-каридан бир қатор услубий элементлар олган.

Йўлтанламас конструкциясида алюминийдан кўпроқ фойдаланилади ва бунинг эвазига модель оғирлиги аввалги моделдан енгилроқ бўлади. Ҳозирги  Discovery оғирлиги 2622 кг ни ташкил қилади. 

Discovery моторлар қатори алюминийдан ишланган янги "турботўртлик" Ingenium ҳамда бензин ёки дизель ёқилғисида ишловчи 3 литрли, 6 цилиндрли двигателлардан ташкил топади. 

2017 йил охирида моделнинг оғир йўлсизликка мўлжалланган экстремал версияси – SVX пайдо бўлиши кутилмоқда. Уни тайёрлаш билан марканинг Special Vehicles Operations (SVO) деб номланган бўлими шуғулланади.

Янги авлоддаги Land Rover Discovery 29 сентябрда Тошкент вақти билан 00:30 да ошкор этилади. Автомобилнинг оммавий намойиши Париж автосалони доирасида бўлиб ўтади.

Мавзуга оид