Ўзбекистон | 19:14 / 03.10.2016
7688
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон Республикаси округ сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди

Унда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддаларига мувофиқ туман, шаҳар ҳокимликлари ҳамда ҳарбий қисмлар командирларининг сайлов участкаларини тузиш тўғрисида округ сайлов комиссиясига топширган тақдимномалари кўриб чиқилди. Шунга мувофиқ, округ ҳудудида 590 сайлов участкаси тузилди. Сайлов участкаларининг тартиб рақами, чегараси, манзили кўрсатилган рўйхати тасдиқланди.

Тузилган сайлов участкаларини алоқа воситалари ва кўргазмали қуроллар, зарур адабиётлар, матбуот нашрларининг янги сонлари билан тўлиқ таъминлаш, сайловчиларга қулай шароит яратиш вазифалари белгилаб олинди. Сайловларни миллий сайлов қонунчилиги асосида демократик тамойилларга мувофиқ ошкоралик, адолат ва демократик тамойиллар асосида ўтказишни ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.

Округ сайлов комиссиясига оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, мустақил журналистлар ва ижодий уюшмалардан аккредитациядан ўтказишни сўраб тушган мурожаатлар кўриб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик ва сайлов жараёни холисона ёритиб борилишини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шу куни оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ташкил этилиб, унда округ сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига кўрилаётган тайёргарлик масалалари ҳақида маълумот берилди.

А.ОРТИҚБОЕВ,
ЎзА мухбири

Мавзуга оид