Жаҳон | 21:43
894
2 дақиқада ўқилади

Арманистонда парламент сайловларида овоз бериш якунланди

Мандатлар учун 16 партия ва икки блок кураш олиб борди. Улар орасида мамлакатни 2018 йилдан буён бошқариб келаётган Никол Пашиняннинг «Фуқаролик шартномаси» партияси ҳам бор.

Фото: Anthony Pizzoferrato / AP / ТАСС

Арманистон Миллий мажлисига сайловларда овоз бериш якунланди. Сайлов участкалари ёпилганидан кейин овозларни санаш бошланади. Охирги маълумотларга кўра, соат 19.00 ҳолатига 2 503 976 нафар сайловчидан 1 224 957 нафари ёки 48,92 фоизи овоз берган.

Парламентга 101 нафар депутат сайланади. Мандатлар учун 18 та сиёсий куч — 16 партия ва икки блок кураш олиб борди. Улар орасида 2018 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган ва ҳокимиятда яна камида беш йил қолиш ниятида бўлган Никол Пашиняннинг «Фуқаролик шартномаси» партияси ҳам бор.

Ғарб социологларининг маълумотларига кўра, бош вазир партиясини сайловчиларнинг 37 фоиздан камроғи қўллаб-қувватлашга тайёр. Шу билан бирга, мухолифат умумий ҳисобда тахминан 49 фоиз овоз тўплаши мумкин: «Кучли Арманистон» — 26 фоиз, «Арманистон» — 12 фоиз, «Фаровон Арманистон» — 6 фоиз, «Бирлик қанотлари» — 5 фоиз.

Агар партиялардан бирортаси ҳам сайловчилар овозининг 50 фоизини ололмаса ва ҳукмрон коалиция тузишга муваффақ бўлмаса, 28 кундан кейин иккинчи тур ўтказилади. Унда биринчи турда энг кўп овоз тўплаган икки сиёсий куч иштирок этади. Ғолиб автоматик равишда депутатлик мандатларининг 54 фоизини — парламентдаги барқарор кўпчиликни — қўлга киритади ва Вазирлар Маҳкамаси таркибини мустақил шакллантириш имкониятига эга бўлади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид