Жамият | 20:57 / 05.10.2016
64946
2 дақиқада ўқилади

АҚШда 18 ёшли ўзбекистонлик қотиллик қурбони бўлди

АҚШнинг Мэриленд штатида 2 октябрь куни ўзбекистонлик талаба йигит, 18 ёшли Сардор Файзиев отиб ўлдирилди. Бу ҳақда Uz-Rek.com сайтида АҚШдаги ўзбек муҳожирларига асосланиб хабар берган.

Марҳум ўзбекистонлик бўлиб, Рейстерстаундаги Franklin High School ўқув юртида таълим оларди. Унинг оиласи 2006 йилда Америкага кўчиб борган ва Мэрилендда истиқомат қилган. У оиладаги ягона ўғил эди, эндиликда бу оилада 2 қиз фарзанд қолди.

Полиция маълумотига кўра, Рейстерстаун туманида, куннинг кеч вақтида 18 ёшли Сардор Файзиев 2 дўсти билан машинада ўтирганида, номаълум қора танли жиноятчи томонидан бошига ўқ узилиши оқибатида жон берган.

Аниқлик киртилишича, машинада ўтирган йигитлар олдига бошқа бир гуруҳ келган. Тезда улар ўртасида низо чиққан ва келганлардан бири Сардорнинг бошига ўқ узган. Шундан сўнг ҳужум қилганлар ўз машиналарига ўтириб, воқеа жойини тарк этган.

Сардорнинг дўстлари полиция ва “тез ёрдам” чақиришган. Оғир аҳволдаги йигит Мэриленд университети госпиталига олиб борилган. Шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олишмаган. Ўлим сабаби сифатида мия фаолиятининг тўхтагани қайд этилган.

Полиция Сардор Файзиевнинг ўлимида гумон қилинганлардан бирини қўлга олган ва яна 2 шахсни қидиришда давом этмоқда.

Детективлар 20 ёшли Брайн Лионель Гонсалесни қотилликдаги асосий гумонланувчи сифатида баҳолашмоқда. Гонсалес қотиллик ва ҳужум уюштиришда айбланмоқда. Ҳозирда у Балтимор округи қамоқхонасида гаров эвазига озодликка чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолатда сақланмоқда.

Терговчилар бу қотиллик аввалдан режалаштирилган ҳолда содир этилгани гумони юзасидан қидирув ишларини давом эттирмоқда.

Марҳумнинг ота-онаси унинг жасадини Тошкентга олиб келишга қарор қилишган.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ёрдамида марҳумнинг жасадини ватанига қайтариш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

Мавзуга оид