Тошкентда “Ипак йўлида туризм” халқаро сайёҳлик ярмаркаси якунланди
Тошкентда “Ипак йўлида туризм” ХХII Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси якунланди. “Ўзбектуризм” миллий компанияси ва “Буюк ипак йўли” реклама агентлиги томонидан БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти кўмагида ташкил этилган мазкур анжуманда Ўзбекистон, Япония, Чили, Франция, Россия, Литва, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Португалия, Таиланд, Туркия, Туркманистон каби давлатлардан юздан зиёд сайёҳлик фирма ва компаниялар вакиллари иштирок этди, деб ёзмоқда ЎзА.
Халқаро сайёҳлик ярмаркаси қизиқарли тақдимотлар, фойдали мулоқотларга бой бўлди. Ярмарка иштирокчилари соҳадаги ютуқлар, янгиликлар билан танишди. Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар, мазкур соҳада кадрлар тайёрлаш бўйича яратилган тизим, экотуризмни ривожлантиришга оид дастурлар хусусида маълумот берилди.
– Ўзбекистонда сайёҳлик саноати кенг ривожланган, – деди Таиланд спорт ва туризм вазири Кобкарн Ваттанаврангкул. – Тошкент, Самарқанд ва Бухоро каби қадимий шаҳарларингиз, халқингизнинг ноёб маданий ва маънавий мероси юртингизга сайёҳларни жалб этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу бебаҳо маданият дурдоналарини асраш ва чуқур ўрганиш борасида амалга оширилаётган изчил ва кенг кўламли ишлар таҳсинга лойиқ. Мазкур ярмарка нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда туризм соҳасини янада ривожлантириш, бу борада халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлади.
Миллий ва халқаро сайёҳлик ташкилотлари, меҳмонхона ва ресторанлар, музейлар, банк хизматлари, суғурта компаниялари ҳамда санаторий ва дам олиш масканлари вакиллари иштирок этган ярмаркада мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти, экотуризм имкониятлари ва ноёб меъморий обидаларимиз акс этган экспонатлар, халқ ҳунармандлиги буюмлари тадбир қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.
– Ўзбек ҳунармандлари ясаган буюмлар жозибаси, турфа рангдаги жилоси билан кўзни қувонтиради. Уларда қадим тарихингиз, халқингизнинг юксак интеллектуал ва ижодий салоҳияти ўз ифодасини топган, – дейди “Интур Мальдиве” компанияси директори Али Фироқ (Мальдив ороллари). – Юртингизда ушбу бебаҳо маънавий меросни асраб-авайлаб, келажак авлодларга етказишга бўлган эътибор жамият тараққиётини юксалтиришга хизмат қилаётир. Биз ҳам туризмни ривожлантириш бўйича самарали келишувларга эришдик. Пойтахтингиздаги “Азнур трэйвл” фирмаси билан ҳамкорликка оид шартнома имзоладик. Келгусида Ўзбекистон ва Мальдив ороллари ўртасида туристлар алмашувини кенгайтириш мақсадида чартер авиарейсларни йўлга қўймоқчимиз.
Ярмарканинг “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” миллий павильонида ҳам иш қизғин руҳда кечди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг сайёҳлик салоҳияти кенг намойиш этилди. Тадбир қатнашчилари махсус экспозицияларда ўзбек миллий таомлари ва турли мева-сабзавотлардан татиб кўрди, миллий ҳунармандлик буюмларини харид қилди. Сопол буюмлар, ганч ўймакорлиги, қўғирчоқлар каби маҳсулотларни тайёрлаш, каштадўзлик, зардўзлик бўйича маҳорат дарслари ўтказилди. Ўзбек миллий либослари намойиши ва савдоси уюштирилди. Миллий мусиқий меросимиз, ҳудудларнинг фольклор санъатига оид тақдимотлар тадбир қатнашчилари, айниқса, хорижлик меҳмонларга манзур бўлди.
Ярмарка доирасида ташкил этилган “Hosted Buyers” (Профессионал харидорлар) дастури истиқболли шериклар ва харидорлар ўртасидаги учрашувларни олдиндан белгилаш, уларга муайян имтиёзлар бериш орқали соҳада ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга хизмат қилади.
Тадбир доирасида “Экологик туризм – атроф-муҳитни муҳофазалаш ва барқарор ривожланиш омили: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт”, юртимизда ички туризмни ривожлантириш масалалари, аҳолига бу йўналишда хизмат кўрсатишнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига оид халқаро илмий-амалий анжуманлар ҳам ташкил этилди.
Энг яхши сайёҳлик йўналиши тақдимоти, компания ва меҳмонхона тақдимоти, энг яхши стенд, тематик бўлим ва туристик имкониятлар, энг яхши сервис, энг яхши дизайн, кўп йиллик ва сермаҳсул ҳамкорлик каби қатор йўналишларда танловлар ғолиблари тақдирланди.
Баҳор ХИДИРОВА,
ЎзА мухбири
Мавзуга оид
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
18:38 / 13.11.2024
“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
14:42 / 11.11.2024