Сайлов-2016: Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайлов департаменти раҳбари Александр Шлик бошчилигида мамлакатимизга ташриф буюрган Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси (ЭБМ) экспертлари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ барча жараёнларда очиқлик ва ошкораликни таъминлашга алоҳида эътибор берилаётгани таъкидланди. Сайловга оид тадбирлар нодавлат телерадиостанциялар томонидан ҳам изчил ёритиб борилмоқда.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳамда ассоциация ўртасида имзоланган битимнинг ўрни салмоқли бўлмоқда. Унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнларини нодавлат телеузатувчилар томонидан ёритиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган бўлиб, жамоатчиликни сайловга тайёргарлик ҳамда ўтказишга оид тадбирлар ҳақида холис ҳамда тезкор хабардор қилиш, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини янада оширишга қаратилган телерадио маҳсулотларни тайёрлаш, уларни нодавлат телерадиостанциялар ва кабель студиялари орқали эфирга жойлаштириш назарда тутилган.
Учрашув доирасида экспертлар ассоциация томонидан амалга оширилаётган ишлар, хусусан, “Менинг юртим” телеканали орқали эфирга узатилаётган “Менинг овозим” ток-шоусининг тасвирга олиш жараёни, сайловга оид видеороликлар билан таништирилди.