Жаҳон | 10:23
1268
3 дақиқада ўқилади

Гренландия масаласи: ЕХҲТ “дарҳол жавоб беришга тайёр”

ЕХҲТ Гренландия атрофидаги вазият кескинлашса, дарҳол муносабат билдиради, дея баёнот берди Швейцария ташқи ишлар вазири, ЕХҲТнинг амалдаги раиси Иняцио Кассис.

Фото: Ulrik Pedersen/NurPhoto/picture alliance

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Гренландия атрофидаги можаро кескинлашган тақдирда зудлик билан чора кўради. АҚШ сўнгги кунларда бу ҳудудга нисбатан даъволарини очиқ билдирмоқда. Бу ҳақда пайшанба куни, 15 январда ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Швейцария ташқи ишлар вазири Иняцио Кассис маълум қилди.

“Агар нимадир содир бўлса, биз ушбу ташкилотга аъзо давлатлар дарҳол музокаралар ўтказишни талаб қилишини — масалани чуқурроқ кўриб чиқиш ва қандайдир чора кўришини кутиб қоламиз”, — деди Кассис Венадаги матбуот анжуманида.

ЕХҲТ таркибига 57 давлат киради: АҚШ, ЕИ мамлакатлари, Украина, Россия ва Беларус ҳам шулар жумласидан. Ташкилотнинг асосий тамойилларига давлатларнинг суверенитети ва чегараларини ўзаро ҳурмат қилиш, шунингдек, куч ишлатишдан воз кечиш киради. “АҚШ халқаро ҳуқуқни нималар бузишини, нималар бузмаслигини аниқ билади. Ҳозир биз вазиятни диққат билан кузатяпмиз”, — деди Кассис.

АҚШ президенти Доналд Трампнинг сўзларига кўра, Гренландия АҚШнинг миллий хавфсизлиги, шунингдек, Арктика минтақаси хавфсизлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Унинг таъкидлашича, у ерда Россия ва Хитойнинг фаоллиги кучайган. Трамп АҚШ армиясини ишга солиб Гренландияни “қўшиб олиш” — “вариантлардан бири” эканини айтган.

Швейцария ташқи ишлар вазирига кўра, Россиянинг Украинага қарши уруши ЕХҲТни “ўз тарихидаги энг жиддий инқироз”га олиб кирган. Иняцио Кассис ЕХҲТнинг “долзарблигини сақлаб қолиш”га қаратилган ислоҳотлар ҳақида эълон қилди. Хусусан, Кассис Россия ва Беларус “ушбу ташкилот ноқулай саволларни — масалан, можароларнинг илдиз сабаблари каби масалаларни ҳал қила олишини кутаётгани”ни таъкидлади.

AFP агентлиги қайд этишича, 2025 йил декабрида АҚШ (Россияни назарда тутиб) ЕХҲТни “тинчлик учун муҳим бўлганларнинг иштирокини чеккага суришни тўхтатиш”га чақирган.

Швейцария ташқи ишлар вазири ЕХҲТнинг асосий устувор йўналиши — Украинада тинчлик эканини ҳам айтди. “Шароит имкон бериши билан, Украинада адолатли ва барқарор тинчликка ҳисса қўшишни хоҳлаймиз”, — деди у.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид