Жамият | 11:40 / 14.10.2016
17022
4 дақиқада ўқилади

Гулистонда “Истиқлол ғунчалари” номли кўрик-танловнинг вилоят босқичи ўтказилди

Фото: kun.uz

Гулистон шаҳридаги 1 сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Истиқлол ғунчалари” номли кўрик-танловнинг II вилоят босқичи бўлиб ўтди. “Соғлом  она ва бола йили” Давлат дастури доирасида ўтказилаётган танловдан кўзланган асосий мақсад ёш авлодни мустақиллик туфайли тикланаётган қадриятларни эъзозлаш, уларнинг санъат ва бадиий ҳаваскорлик ижодиётига бўлган қизиқишларини ўстириш, иқтидорлиларни аниқлаш, қўллаб қувватлашдан иборат бўлди. 

Анъанавий ижрочилик, эстрада қўшиқчилиги, якка ва ансамбль чолғу ижрочилиги, якка ва жамоа рақси ижрочилиги каби 4 йўналиш бўйича ўтказилган кўрик танловга нуфузли  аъзолардан иборат ҳакамлар баҳолаб боришди.

"Ғолибларни танлаш чоғида иштирокчилар ижрочилик маҳорати, куй қўшиқларнинг мазмуни, долзарблиги, саҳна маданияти, либоси эътиборга олинди",-дейди  кўрик-танлов ҳакамлар ҳайъати раси “Сирдарё наволари” ашула ва рақс ансамбли раҳбари  Асатилла Холиқов.

"Танловнинг бутун ҳаяжони биз ота -оналарда кечди. Ўғлим 12 ёшда. Шунга қарамай 2та чолғу асбобини созлай олади. Ҳозирда устози Насиба Содиқова билан Санкт-Петербург шаҳрида ўтказиладиган Халқаро танловга таёргарлик кўрмоқда. Унинг бу ютуқларидан жуда хурсандман. Юртимизда ёшлар учун муносиб шароит, кенг имкониятлар яратилганидан миннатдорман", дейди қатнашчи Самандар Исматуллаевнинг онаси Дилафруз Маматова.

Беллашув якунида  кўрик-танловнинг анъанавий ижрочилик йўналиши  бўйича Гулистон туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази “Деҳқон болалари” фольклор тўгараги аъзоларининг “Таътил кунлари” композицияси, якка ва ансамбл чолғу ижрочилиги йўналишида Сирдарё туман “Ором” маданият ва аҳоли дам олиш маркази созандачилик тўгараги қатнашчиси Самандар Исматуллаевнинг Авеписовнинг “Жон” асари ижроси, якка ва жамоа рақси ижрочилиги йўналишида Гулистон туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази “Лола” рақс тўгараги аъзоларининг “Кади” рақси, Эстрада қўшиқчилиги йўналишида Мирзаобод туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази тўгараги аъзоси Шоҳжаҳон Абдуғаниевнинг “Болалигим” қўшиғи ижроси ҳакамлар томонидан юқори баҳоланиб 1 ўринга сазовор бўлишди. Шунингдек, қатнашчилар қатор номинациялар бўйича ҳам рағбатлантирилди.

Гулистон туманидан ташриф буюрган “Деҳқон болалари” фольклор ансамбли аъзолари маҳорати ҳакамлар томонидан алоҳида эътироф этилиб юқори баҳоланди. Ансамбл ўз иштирокида “Таътил кунларида” дастурини тақдим этишди. Дастур  “Қўй боқиш”, “Оқ керакми, кўк керак”, “Ҳаппак тош”, “Арғамчи”, “Чиллак” болалар халқ қўшиқлари жамланмасидан иборат бўлди. Абдували Ўролов бадиий раҳбарлигидаги  ансамбл  шу кунга қадар  республика миқёсидаги бир қанча фестиваллар ғолиб ва лауреати бўлган.

Озода Мамадалиева

Мавзуга оид