13 октябрь, пайшанба куни Таиланд қироли Пхумипон Адульядет ҳаётдан кўз юмди, у 1946 йилдан буён мамлакатни бошқариб келган. Узоқ 1972 йилдаёқ у ўзидан кейин тахтга ким эгалик қилишини тасдиқловчи ҳужжатни имзолаган, унга кўра тахтга шаҳзода Маха Вачиралонгкорн ўтириши керак эди, бироқ ҳозирча бундай бўлмади, шаҳзода тахтга ўтиришга шошилмаяпти. Мамлакатда бир йиллик мотам эълон қилинган. Таиландда икки йил яшаб келган графика дизайнери Анна Ставенская ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қироллик оиласи ҳақида сўз юритди, TJ нашри муаллифнинг рухсати билан шу ҳақидаги мақолани чоп этди.
"Инсон баъзан Таиланд - бу қиролликка хос бўлган барча элементлар мавжуд мамлакат эканини тушуниб етади. Бу ерда қирол ва қиролича, шаҳзода ва маликалар, қироллик саройлари, "Қиролнинг умри узоқ бўлсин!" ҳайқириқлари, содиқ мулозимлар ва (конституцион) монархия душманлари - буларнинг барчасини кўриш мумкин.
Сайёҳлик масканларида қироллик ҳақида эслатиб турувчи энг асосий хотиралар ҳар бир муассаса ва деярли ҳар бир хонадонда қирол ва қиролича портретининг мавжудлигидир. Таиланднинг баъзи ҳудудларида кунда икки марта (эрталабки соат 8:00 ҳамда кечки соат 18:00да) ҳаёт бир муддатга тўхтаб қолишини кузатиш мумкин. Шу пайт ҳамма нарса, барча инсонлар тўхтайди, мадҳия овози эшитилиши билан ўтирган одамлар туриши шарт. Телевизор орқали эса қироллик оиласи кўрсатилади.

Университет ва мактаблардаги ўқиш ҳам мадҳиядан бошланади, шу куни дарси бўлмаган ўқитувчилар ҳам биргина мадҳия янграган пайтда тизилиб туриш учун ўқув даргоҳига келишларига тўғри келади. Таиланддаги энг асосий байрамлар - Оталар ва Оналар кунлари қирол ҳамда қироличанинг таваллуд айёмларида нишонланади.
Бу ерда марҳум қиролни жуда яхши кўришади. У узоқ муддатли ҳукмронлиги давомида (амалдаги давлат раҳбарлари орасида энг узоқ вақт ҳукмронлик қилган инсон) мамлакат иқтисодиёти ва умумий ҳаёт даражасини кўтарди, оддий халқ учун кўп яхшиликлар қилди ва бошқа мамлакатларнинг аксарият давлат раҳбарлари билан муносабатларни яхшилади.
Қирол 88 ёшида оламдан ўтди. Умрининг сўнгги кунларида унинг саломатлиги ҳаддан зиёд ёмонлашганди, тайликлар унинг соғлиғи учун ибодат қилишди, кўпчилик Бангкокдаги шифохона ёнида тўпланди. Кўчаларда сариқ ва пушти ранг либос кийган кишиларни кўплаб учратиш мумкин эди, бу қироллик оиласининг рамзий ранглари ҳамда қиролга узоқ умр тилашни англатувчи ранглар ҳисобланади. Шундай дамларда "Мен қиролликдаман" қабилидаги ҳиссиёт бир неча карра ошади - атрофда ҳамма фақат шу ҳақда сўзлайди.











