Жамият | 19:14 / 14.10.2016
4806
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда жорий йил 9 ойда ажралишлар миқдори 2015 йилга нисбатан 144 тага камайгани маълум бўлди

“Туркистон” саройида оила муносабатларини мустаҳкамлаш, эрта никоҳ ва ажралишларнинг олдини олиш мавзуига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. 

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, туман ҳокимлари, шаҳар прокуратураси, ички ишлар, адлия, соғлиқни сақлаш бош бошқармалари вакиллари, Фуқаролик суди Тошкент шаҳар ва туманлараро судлари раислари, суд ижро департаменти, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати мутахассислари иштирок этган тадбирда оилавий ажралишлар юзасидан мутасадди ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар, мавжуд долзарб масалаларни бартараф этиш йўллари таҳлил этилди. 

Тадбирда оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан туғилаётган баҳслар, айрим хонадонлардаги нотинч муҳит оқибатидаги ажралишлар жиддий эътиборни талаб қилувчи ҳолат эканлиги қайд этилди. 

Мазкур масаланинг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар томонидан ишчи гуруҳлар йиғилишлари, ажралишлар кўпайган туманлар таҳлиллари ўтказилмоқда. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида пойтахтимизда 9 ойда ажралишлар 2015 йилга нисбатан 144 тага камайган. 

Йиғилишда оилавий ажралишларнинг олдини олиш бўйича фикр-мулоҳазалар ва таклифлар инобатга олиниб, Тошкент шаҳрида оила муносабатлари муаммоларини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи ташкил этилди.

 

Мавзуга оид