Иқтисодиёт | 16:55
641
2 дақиқада ўқилади

Бизнес-омбудсман Тошкентдаги рекламаларни бузишда қонуний йўл тутишга чақирди

Пойтахтда айрим ҳолларда реклама воситалари мажбурий демонтаж қилиниши ва электр энергиясидан узиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бизнес-омбудсман тадбиркорларнинг бу борадаги мурожаатларини ўрганишга киришди ва масъулларни бизнес билан қонуний шаклда муомала қилишга чақирди.

Иллюстратив сурат: Kun.uz

Тошкент шаҳрида айрим ҳолларда тадбиркорларнинг реклама воситалари мажбурий тартибда демонтаж қилиниб, талаблар бажарилмаган тақдирда электр энергиясидан узиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бизнес-омбудсман бу борада тадбиркорлардан мурожаатлар келиб тушаётганини маълум қилди.

Расмий хабарга кўра, бу мурожаатлар Бизнес-омбудсман томонидан назоратга олинган бўлиб, ҳозирда ҳолатлар атрофлича ўрганилмоқда.

“Шу муносабат билан масъул ташкилотлар ва мансабдор шахслар таъсир чораларини қўллашда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этиши ва ҳар қандай чеклов ва мажбурлов чораларини фақат қонуний асослар мавжуд бўлган тақдирда қўллаши лозимлиги ҳақида огоҳлантирилади.

Ўрганишлар якунлари бўйича мурожаатларда келтирилган ҳолатлар ўз тасдиғини топган тақдирда, қонунчиликда белгиланган тартибда айбдор мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади”, – дейилади президентнинг тадбиркорлар ҳуқуқлари бўйича вакили баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ корхона номи, фаолият тури ёки савдо белгиси акс этган пешлавҳалар ҳам реклама сифатида баҳоланиб, улар учун алоҳида паспорт расмийлаштириш ва тўловларни амалга ошириш талаби қўйилган эди.

Жорий йил 5 май куни давлат раҳбари ҳузуридаги йиғилишда бу талаблар танқид қилинган ҳамда тадбиркорлик субъектининг номи ва фаолият тури тўғрисида бинога жойлаштирилган ахборотни реклама деб ҳисобламаслик ва бунинг учун паспорт расмийлаштиришни бекор қилиш таклиф этилган эди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид