Иқтисодиёт | 10:25
408
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда энг кўп аҳоли савдо соҳасида банд

2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида банд аҳолининг энг катта қисми улгуржи ва чакана савдо соҳасида фаолият юритмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мазкур тармоқда 241,6 минг нафар киши меҳнат қилмоқда.

Статистикага кўра, пойтахтда банд аҳоли сони бўйича иккинчи ўринни ишлаб чиқариш саноати эгаллаган бўлиб, ушбу соҳада 188,9 минг нафар фуқаро фаолият юритмоқда. Кейинги ўринларда қурилиш (161,2 минг киши) ва таълим соҳаси (139,4 минг киши) қайд этилган.

Шунингдек, давлат бошқаруви ва мудофаа ҳамда мажбурий ижтимоий таъминот тизимида 118,6 минг нафар, ташиш ва сақлаш соҳасида 103,1 минг нафар, бошқа турдаги хизматлар кўрсатиш йўналишида эса 96,2 минг нафар аҳоли банд.

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида 79,1 минг нафар, яшаш ва овқатланиш хизматларида 77,1 минг нафар, профессионал, илмий ва техник фаолиятда 71,2 минг нафар киши меҳнат қилмоқда.

Ахборот ва алоқа соҳасида банд аҳоли сони 71,1 минг нафарни ташкил этган бўлса, молиявий ва суғурта фаолиятида 43,5 минг нафар, кўчмас мулк билан операцияларда 31 минг нафар фуқаро ишламоқда.

Энг кам бандлик қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги соҳасида кузатилган бўлиб, ушбу тармоқда 5,8 минг нафар киши фаолият юритмоқда. Шунингдек, электр, газ ва буғ билан таъминлаш соҳасида 7,7 минг нафар, сув таъминоти ва чиқиндиларни утилизация қилиш йўналишида 13,5 минг нафар аҳоли меҳнат қилмоқда.

Мутахассислар фикрича, мазкур кўрсаткичлар Тошкент шаҳри иқтисодиётида савдо, саноат ва хизмат кўрсатиш тармоқлари етакчи ўрин тутаётганини кўрсатади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид