Жамият | 14:20 / 18.10.2016
32086
11 дақиқада ўқилади

Темурийлар тарихи давлат музейи очилганига 20 йил бўлди

Фото: anhor.uz

«Темурийлар тарихи давлат музейи Соҳибқирон Амир Темур шахсиятига нисбатан юртимизда тарихий адолат тантана қилганининг яна бир амалий исботидир. Бу музейда бизнинг ўтмишимиз ҳам, бугунги кунимиз ва буюк истиқболимиз ҳам бамисоли кўзгуда акс этгандек намоён бўлади. Кимки ўзбек номини, ўзбек миллатининг куч-қудратини, адолатпарварлигини, чексиз имкониятларини, унинг умумбашарият ривожига қўшган ҳиссасини, шу асосда келажакка ишончини англамоқчи бўлса, Амир Темур сиймосини эслаши керак».

Бу – Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Тошкент шаҳрида Темурийлар тарихи давлат музейи очилган кунда, яъни 1996 йил 18 октябрда «Фахрий меҳмонлар китоби»га ёзган тарихий дастхати...

Амир Темур ҳам, Ислом Каримов ҳам тарих саҳнасига чиқиб, нафақат элимизни мустамлакачилар истибдодидан озод қилди, балки халқимизнинг ғурурини тиклаш, дунёда қудратли давлатга асос солиш, тинчлик, бунёдкорлик, барқарорлик ва фаровонлик йўлида курашишдек жуда оғир ва мураккаб вазифани шараф билан адо этди.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг Президентимиз Ислом Каримов маънавий тикланиш ва янгиланиш ислоҳотларини улуғ аждодларимиз, хусусан, Амир Темур бобомизнинг муборак номи, бой мероси, хотираси ва тарихий сиймосини тиклаш асосига қурди.

– Мустақилликнинг илк йилларида Ислом Каримов кенг жамоатчиликка, тарихчи олимларга мурожаат этиб, Амир Темур бобомиз номини абадийлаштириш масаласини қўйди, – деб эслайди Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси, тарих фанлари номзоди Нозим Ҳабибуллаев. – «Халқимиз Соҳибқирон бобомизнинг буюк бунёдкорликларини англаб, шундан маънавий куч-қувват олса, дунё жамоатчилиги Амир Темурни нафақат энг қудратли давлат асосчиси, балки илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси, ўз вақтида Осиё ва Европа қитъаларида рўй берган тарихий ўзгаришларга ҳал қилувчи таъсир кўрсатган буюк шахс эканини билса, тарихий адолат қарор топар эди», деди. Президентимиз бу борада уч ғояни таклиф этди: халқаро ҳамжамиятга Амир Темурнинг бунёдкорлик фаолиятини танитиш, Халқаро Амир Темур жамғармасини тузиш, Соҳибқирон ва темурийлар даврини акс эттирган музей барпо этиш.

Энг катта муаммо – жаҳон жамоатчилигининг фикрини ўзгартириш эди. Собиқ тузум даврида Амир Темур шахси ва фаолиятига бирёқлама баҳо берилган, бунинг асоратини даволаш осон эмасди. Боз устига, ЮНЕСКО катта саркардаларнинг юбилейини нишонламас эди... Ислом Каримов ортга чекинмади, ЮНЕСКО раҳбариятига «Амир Темур бошқа саркардалардан фарқли равишда бунёдкор шахс бўлган, қай жойдан бир ғишт олса, ўрнига ўн ғишт қўйдирган, бир дарахт кесдирса, ўрнига ўн кўчат эктирган, Соҳибқироннинг дунёда тинчлик ўрнатиш, Европани халос этишдаги хизматларини, инсоният цивилизациясига қўшган ҳиссасини дунёга исботлаб берамиз», деди.

Даставвал «Амир Темур – жаҳон тарихида» қомусий китоби тайёрланди. Президентимиз китоб қўлёзмасини ўқиб берди. 1996 йили китоб хориж тилларига таржима қилингач, халқаро жамоатчилик ва дунё тарихчиларининг катта қизиқишига сабаб бўлди. ЮНЕСКО Амир Темур таваллудининг 660 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш ҳақида қарор қабул қилди. 1996 йил мамлакатимизда Амир Темур йили, деб эълон қилинди, юртимиз бўйлаб бу улуғ тўйга тайёргарлик бошланди.

1996 йил 24 апрелда Париж шаҳрида «Темурийлар даврида илм-фан, маданият ва маорифнинг гуллаб-яшнаши» ҳафталиги бошланди. Ўша куни Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ЮНЕСКО Ижроия кенгаши сессиясида, ЮНЕСКО қароргоҳида темурийлар даврига бағишланган кўргазма очилишида нутқ сўзлади. Юртдошларимиз яхши эслайди: кўргазма бошланишига озгина вақт қолганда, залга кутилмаганда Франция Президенти Жак Ширак кириб келган. Ислом Каримов Жак Ширакни экспозиция бўйлаб айлантириб, Амир Темурнинг инсоният цивилизациясига қўшган ҳиссаси ҳақида завқ билан сўзлаб берган. Ўшанда Жак Ширак «Ислом Каримовдек ўз Ватани тарихини бунчалик мукаммал биладиган, улуғ аждодлари номини бундай юксак эъзозлайдиган давлат раҳбари дунёда камдан-кам бўлади», деб қойил қолган. Франция Президенти Ўзбекистон раҳбарига юксак ҳурмат ифодаси сифатида Амир Темурнинг 1402 йили Франция Қироли Шарль VI га йўллаган номасини тақдим этган. Бу экспонат бугун Темурийлар тарихи давлат музейидаги энг ноёб тарихий ҳужжатлардан ҳисобланади. Айнан мана шу тарихий ҳафталикда Биринчи Президентимизнинг жасорати ва фидойилиги боис дунё аҳли Парижда нима учун XV асрдаёқ Амир Темурга ёдгорлик ўрнатилиб, унга «Европанинг халоскорига» деган чуқур рамзий маъноли сўзлар битилганини, Соҳибқирон хизматлари туфайли Осиё ва Европа тарихда биринчи марта ягона жўғрофий-сиёсий маконда бирлашганини теран англади – жаҳон Амир Темурни буюк бунёдкор сифатида тан олди.

1996 йил 14 мартда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Темурийлар тарихи давлат музейини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилингач, Биринчи Президентимиз бу музей меъморий шакли, тузилиши ҳақида меъморлар, тарихчилар, ижодкорлар ва зиёлилар билан кенгашди. Ўшанда Ислом Каримов бу музей сарой ва тож шаклини ифода этиши, мамлакатимиз архитектура санъатида дурдона асар бўлиши кераклигини айтди. Қурилиш ишлари жадал бошланди. Президентимиз бу ерга тез-тез келар, музей қурилишидаги ҳар бир деталга қизиқиб, сўраб-суриштирар ва ҳар гал унинг меъморий ечимида ҳал қилувчи фикрларни айтар эди. Шу боис музей жуда қисқа вақтда – саккиз ойда бунёд этилди.

Музейга келган ҳар бир юртдошимиз, айниқса, ёшлар бу ердаги ҳар бир детални тайёрлашга Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бош-қош бўлганини ёддан чиқармаслиги керак. Музей дастлаб ишга тушган вақтда бу даргоҳга кириб чиққан ёшларнинг қиёфасини кўп кузатардим: ўз тарихини, қандай улуғ зотларнинг авлоди эканини билган нигоҳлардаги ҳайратни кўрсангиз... Бу йил Голландияда Амир Темур меросига бағишланган халқаро анжуманда қатнашдик: 20-25 давлатдан йирик тарихчи олимлар маъруза қилди,  биринчи марта уларнинг ҳеч бири «Тамерлан» сўзини тилга олмади. Бу – дунё Амир Темурни буюк бунёдкор шахс сифатида тўла тан олганининг яна бир амалий исботи. Бу – Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Соҳибқирон шахсини абадийлаштиш борасидаги кўп йиллик курашларининг амалий натижаси.

Ҳа, 1996 йил 18 октябрь санаси чиндан ҳам халқимиз тарихида унутилмас байрам бўлган. Ўша куни Тошкентда Темурийлар тарихи давлат музейи, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида Амир Темур ҳайкаллари очилган, бу муаззам шаҳарлар Амир Темур ордени билан мукофотланган. Барча тадбирда Биринчи Президентимиз қатнашиб, нутқ сўзлаган.

Ёғоч ўймакорлигининг ёрқин намунаси – кўркам эшиклардан музейнинг экспозиция залига кирамиз. Иморатнинг бутун айланаси, ярим очиқ айвонлари салобатли. Оқ рангли устунлар билан безалган. Ташқи деворнинг айлана юзаси сиркор сопол медальонлар билан нақшланган. Уларда араб алифбосидаги сулс хатида Адолат, Итоат, Зарофат, Маърифат, Диёнат, Оқибат, Марҳамат, Қадрият, Садоқат, Муваффақият, Матонат, Мурувват, Шижоат, Машварат сўзлари битилган. Амир Темур ҳам, Ислом Каримов ҳам ўз фаолиятида миллий ва умумбашарий маънавиятнинг ўзаги бўлган бу эзгу тушунчаларга сидқидилдан амал қилди, уларнинг ҳаётимизда ўз исботини топиши учун курашди.

 – Музейимизда 5 мингдан зиёд экспонатлар бор, – дейди Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев. – Улар орасида милоддан аввалги 2 мингйилликка оид Сополлитепа ва Жарқўтон топилмалари, Далварзинтепанинг милодий I асрга оид олтин буюмлари, Афросиёб ва Тошкентдан топилган Х-ХI асрга оид сопол идишлар, Амир Темур ва темурийлар даврига оид кўплаб ноёб қўлёзмалар, расмий ҳужжатлар, кумуш ва мис тангалар, сопол идишлар, мис буюмлар, меъморий қопламалар, қурол-яроғ, чолғу асбоблари, этнографик буюмлар мавжуд. Сўнгги уч йилда музейдаги экскурсиялар сони 10 мингдан ортди. Музей сайти (temurid.uz) ўзбек, рус, инглиз тилларида ишлаб турибди. Бу йил “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда музейнинг тўлиқ виртуал кўриниши яратилди. Унда музей заллари бўйлаб саёҳат ва экспонатлар замонавий 3D шаклда намоён бўлади. Музей, Биринчи Президентимиз орзу қилганидек, илмий марказга айланди. Илмий ходимларимиз ҳозиргача ўндан зиёд мавзуларда илмий тадқиқотларни амалга оширди. Юбилей альбомлари, тўпламлар, монографиялар нашр этилмоқда.

...Музейнинг совғалар бўлими. Бу ерда францияликлар берган Амир Темур бюсти, Берлин Ислом музейидан келган “Бойсунғур Мирзонинг 28 миниатюраси” китоби, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев совға қилган “Алма-Арасан дараси” картинаси, Озарбайжоннинг ислимий нақшли духоба гилами каби ўнлаб ноёб туҳфаларни кўриш мумкин.

 Улар орасида Биринчи Президентимиз совғалари алоҳида қийматга эга: Соҳибқироннинг от устида ва тахтда ўтирган чинни ҳайкаллари, кўк биллур ваза, Амир Темур ва Мирзо Улуғбек тасвири туширилган чинни лаган, XIX асрга оид мис кўза. 

– Ноёб экспонатларимиздан – араб тарихчиси Аҳмад ибн Арабшоҳнинг “Ажойиб ал-мақдур фи ахбори ат-Таймур” асарини (1436 йил) ҳам Биринчи Президентимиз Ислом Каримов 1998 йил 24 июлда музейга тақдим этган, – дейди музей кичик илмий ходими Дилноза Азизова. – Асар XVII асрда Голландияда “Elseviriana” босмахонасида араб тилида чоп этилган. 1401 йили Амир Темур буйруғи билан дамашқлик олимлар билан Самарқандга келган 12 ёшли ибн Арабшоҳ 1408 йилгача Самарқандда яшаган. У ўз асарида Амир Темур давлати ва унга чегарадош мамлакатлар сиёсий, хўжалик ва маданий турмуши ҳақида кўплаб тарихий маълумотларни ёзиб қолдирган.

...Йиллар, асрлар ўтади. Халқимиз омон экан, мамлакатимиз шон-шавкатини юксалтириш, халқимиз турмушини фаровон этиш, фарзандларимиз камолоти йўлида курашган Амир Темур ва Ислом Каримов номлари ёнма-ён тилга олинаверади. Зотан, халқимизнинг тинч, тўкин ва барқарор ҳаёти, ёруғ келажаги йўлида фидойилик ва жасорат кўрсатган Халоскор қаҳрамонлар  номи ҳақли равишда абадиятга дахлдордир.

Умид Ёқубов, ЎзА шарҳловчиси

Мавзуга оид