Жаҳон | 20:28 / 20.10.2016
10752
2 дақиқада ўқилади

Ғарб нашрлари рус кемасини Сурияга кетувчи сув ости интернет-кабелига ҳужумда гумон қилмоқда

Хорижий ОАВ Россиянинг океанографик кемаси "Янтар"ни Кипр ороли билан Сурияни Ўрта Ер денгизи орқали боғловчи интернет-кабель билан манипуляциялар амалга оширганликда гумон қилмоқда. Бироқ The Register британ нашрининг фикрича, бундай ҳужумлар Россия учун беъманодир.

Октябрь ўртасида ғарб блогерлари ва Motherboard портали иккита батискаф билан жиҳозланган "Янтарь" денгиз остидан Суриянинг Тартус шаҳрига кетувчи UGARIT кабели яқинида сузиб юрганини аниқлашган.

Motherboad журналистлари бу борада АҚШнинг веб-мониторинг билан шуғулланувчи Dyn компанияси билан боғланишганда, компания вакиллари Сурияда охирги ҳафталарда интернет ўчиб қолиши ҳолатлари тез-тез юз бераётганини тасдиқлашган. 

Бироқ The Register портали Dyn рақобатчиси Akamai компаниясига мурожаат қилганда, Akamai Сурия орқали трафик одатдагидек кетаётгани ва ташқи аралашувларнинг ҳеч қандай аломати пайқалмаганини маълум қилган.  

The Register‘нинг таъкидлашича, Россия бундай "қинғирликлар" билан шуғулланмаслигининг яна бир неча сабаби бор. Мисол учун, бундай кучли интернет-кабелни кесиб ташлашга уринишдан ён-атрофда бўлган барча ток уришдан ҳалок бўлиши мумкин. Бироқ бунинг учун аввал кабелдаги кучли ҳимоянинг бир неча қатламидан ўтишга тўғри келади. Нашрнинг айтишича, агар Россия кабелни узиб ташламоқчи бўлганда, ўз одамларини хавфга қўймай, буни қуруқликда ҳам қилиши мумкин эди. 

18 октябрда Суриянинг Syrian Telecom давлат компанияси 19 октябрдан бошлаб мамлакатда 10 кунга интернет тармоғининг 60 фоизи ўчирилишини маълум қилган, бироқ бунинг сабабларини келтирмаган. Dyn компаниясида таъкидланишича, бу "кабелдаги таъмирлаш ишлари билан боғлиқ бўлиши мумкин". 

Расман "Янтарь" океанографик кема бўлиб, 6,2 км чуқурликкача шўнғий олувчи иккита батискафга эга. 

 

Мавзуга оид