Ўзбекистон | 18:35 / 20.10.2016
5008
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Жазоир ўртасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

2016 йилнинг 20 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида иштирок этиш учун Тошкент шаҳрига келган Жазоир Халқ Демократик Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Бош котиби Ҳасан Рабеҳи билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берган.

Ҳасан Рабеҳи ИҲТ ТИВК 43-сессиясининг самарали якунлангани билан Ўзбекистон томонини табриклаган ва ташкилотга аъзо давлатлар учун муҳим бўлган "Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик йўли" шиори остидаги раисликни муваффақиятли ўтказишни тилаган. Суҳбат чоғида икки ва кўп томонлама шакллардаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.

Мулоқот давомида муносабатларни сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда изчил ривожлантиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги таъкидланди, зеро Ўзбекистон-Жазоир алоқаларининг мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий асосини яратиш ва турли даражалардаги алоқаларни фаоллаштириш ўзаро ҳамкорликнинг муҳим босқичи сифатида хизмат қилади.

ТИВдаги учрашув якунларига кўра Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Жазоир Халқ Демократик Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида ҳамкорлик ва маслаҳатлашувлар тўғрисида Протокол имзоланди.

Музокараларда Жазоир Элчиси Насер Бушерит иштирок этди.

Мавзуга оид