Жамият | 14:49 / 21.10.2016
16391
2 дақиқада ўқилади

Собиқ рафиқасига 10 миллион сўмдан зиёд алимент пули тўламаган эр қонун олдида жавоб берди

Қарши шаҳар суди томонидан собиқ рафиқасига 10 миллион сўмга яқин алимент пули тўламаган эр иши кўриб чиқилди

Ойбек Гаппаровнинг гулдек икки нафар фарзанди бор. Унинг бурчи, вазифаси оила мустаҳкамлигини сақлаш, болаларини ўз бағрида вояга етказиш эди. Бироқ Ойбек бундай қилмади. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

У ўзи тўғри деб ҳисоблаган йўлдан бориб, турмуш ўртоғи Насиба билан ажрашди. Ажрим 2010 йилнинг январь ойида фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро суди томонидан расмийлаштирилди.

Ойбек ажримдан сўнг хотинига алимент тўламай қўйди. Суд томонидан алимент ундириш тўғрисида чиқарилган ҳал қилув қарорига беписандлик билан қаради. 
Тергов ҳаракатларида Ойбек 2012 йил 1 октябридан 2016 йил 1 март кунига қадар жами 11 миллион 118 минг сўм миқдоридаги алимент пулини қасддан тўламай келаётгани маълум бўлди. Ойбекнинг пайтавасига қурт тушиб, суд жараёнига қадар Насибага мазкур қарздорлик ҳисобидан 5 миллион сўм тўлашга мажбур бўлди. 
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди томонидан Ойбек Гаппаровга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланди. Шу билан бирга, суд жабрланувчининг фойдасига тўланмасдан қолган 6 миллион 118 минг сўм алимент пулини ундириш тўғрисида ҳам ҳукм чиқарди.

Мавзуга оид