Жамият | 14:14
483
4 дақиқада ўқилади

«Ажрашишни қийинлаштириш билан оилани сақлаб бўлмайди» - ҳуқуқшунос оилавий ажримлар сабаблари ҳақида

Ўзбекистонда оилавий ажримларни камайтириш мақсадида яраштириш муддатини олти ойдан бир йилгача узайтириш таклиф қилинди. Бироқ мутахассислар фикрича, ажрашиш жараёнини сунъий равишда чўзиш ҳар доим ҳам оилани сақлаб қолмайди, айрим ҳолатларда бу янада оғир ижтимоий ва психологик оқибатларга олиб келиши мумкин.

Ўзбекистонда ҳар йили ўн минглаб оилалар ажрим учун судларга мурожаат қилади. Мутахассисларга кўра, расмий статистикада фақат юридик ажримлар акс этади, амалда эса йиллаб алоҳида яшаб, расман никоҳдан чиқмаган оилалар ҳам кўп.

Қанчалик яширамиз десак, фожиа билан тугаяпти

Ҳуқуқшунос Феруза Муҳитдинованинг таъкидлашича, ажримларга сабаблар турлича: учинчи шахс аралашуви, моддий етишмовчилик, хиёнат, оилавий зўравонлик ва оилавий ҳаётга тайёр эмаслик.

“Ёшлар қайнона-қайнота аралашувидан шикоят қилади. Катталар эса турмуш ўртоғининг бошқа инсонга қизиқиб қолганини айтади. Айрим эр-хотинлар эса аллақачон бирга яшамайди: аёл боласи билан бошқа уйда яшайди, эр эса умуман бошқа ҳаёт кечиради, ҳам алимент тўламайди, ҳам қарамайди, бошқа билан яшайди ёки хорижга ишга кетган. Лекин унутмаслик керак, бу ёқда бола таъминоти борлигини”, дейди у.

Муҳитдиновага кўра, ажрашишни қийинлаштириш орқали барча оилаларни сақлаб қолиш мумкин эмас. Чунки айрим ҳолатларда муносабатларни мажбуран давом эттириш фожиаларга олиб келиши мумкин.

“Қанчалик яширамиз десак, фожиа билан тугаяпти. Ўз жонига қасд қилаётганлар бор, бир-бирини ўлдирганлар бор. Жазо муассасаларида шундай аёлларни кўрдикки, қилган ишидан афсусланмайди. Шунинг учун оила-никоҳ муносабатларида ажримга мурожаатга келганда психологлар бўлиши керак. Улар кўриши керак, буларга шунча муддат бериш керакми, йўқми? Бўлмайдиган бўлса, биз бир инсонни табиий яшаш ҳуқуқидан маҳрум бўлишига олиб келмайлик. Шунинг учун бир томонлама қараш эртага бошқа бир натижага олиб келиши мумкин. Иккинчидан урра-урра деб ҳисобот учун тўй қилишади. Миллиардлаб кетказилаётган тўйлар ҳам бор. Орзу-ҳавасга берилиб, уй-жойларни сотганларни кўряпмиз. Қарзга ботишиб, кейин қарз эвазига деб оила ажраб кетяпти. Шунинг учун ҳар биттамиз бугун униб-ўсиб келаётган ўша мактабдан, болалар боғчасидан оила институтини тарбияга киритишимиз керак”, дейди у.

Ёшларнинг оила қуришга бўлган орзусини ўлдиряпмиз

“Боладан ўч олиб, отасига кўрсатмаймиз деган бунақанги ўзларича жазони тўхтатишсин. Бола ота-онани кўришга ҳаққи бор, ҳуқуқи бор. Ажримлар ёки уларга берилган узоқ муддатлар орқали биз униб-ўсиб келаётган ёшларнинг оила қуришга бўлган орзусини ўлдиряпмиз. Улар “катта бўлсам оила қурмайман, менга керак эмас, оилада жанжал бўлар экан”, деяпти.

Бу жанжаллар нимадан келяпти? Характер келишмаслиги, учинчи шахс аралашуви, оилага тайёр эмаслик, моддий етишмовчилик, зўравонлик ва хиёнат — буларнинг барчаси ажримга олиб келаётган омиллар. Шунинг учун уларни чуқур ўрганиш ва қонунчиликда алоҳида механизмлар ишлаб чиқиш керак.

Мен ўйлайманки, яраштириш муддатини узайтириш орқали оила сақланиб қолса - бу яхши. Лекин бунинг оқибати салбий ҳолатларга олиб келадиган бўлса, эртага биз уларнинг фожиасига сабабчи бўлиб қолишимиз мумкин”, дейди ҳуқуқшунос.

Тўлиқ кўрсатувни Kun.uz’нинг YouТube саҳифасида томоша қилинг.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид