Гул ўрнига қурол: Сурия ва Ироқдаги хотин-қизлар ИШИД билан қандай курашишмоқда?
25 октябрь куни БМТ Хавфсизлик ташкилоти можароларни ҳал этиш ва тинчликни сақлашда аёлларнинг тутган ўрнини муҳокама этмоқда. “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” мавзусида очиқ баҳслар ўтказилмоқда.
Суриялик сиёсатчиларнинг маълумотларига кўра, бугунги кунда ИШИД билан жангдаги кўнгиллиларнинг 40 фоизини аёллар ташкил этади.
БМТ Хавфсизлик кенгаши Нью-Йоркда Яқин Шарқда аёлларнинг террорчилилар билан курашаётгани масаласини кўтарди. Сурияда ана шундай аёлларни “арслонлар” деб аташади. Ўтган йили улар Суриянинг Кобани шаҳри учун, Ироқ шимоли-шарқида эса Синжар шаҳри учун жанг қилишди. Бугун аёллар Яқин Шарқда олиб борилаётган кенг қамровли жангларда иштирок этмоқда.
«Биз — умидмиз»
ИШИДнинг ҳужуми кўплаб аёлларни уйда қолишга ва эрлари билан тенг ҳолатда жанг қилишга ундади. Бундан икки йил муқаддам Суриянинг Курдистонида кўнгиллилар ташкилоти — Аёллар мудофааси отряди (курдча Yekîneyên Parastina Jin, YPJ) ташкил этилди. Уларнинг шиори қуйидагича бўлди: “Бизни ўлдириб бўлмайди. Биз умидмиз”. Ҳаракат бутун Яқин Шарқ бўйлаб ёйилди.
Террорчиларнинг Ироқ шимоли-ғарбий ҳудудларига, Сурия чегарасига қилган ҳужумлари оқибатида 2014 йилда кўплаб тинч аҳоли вакиллари ўлдирилди ва тажовузга учради. Бу жиноятлар маҳаллий қизларни ларзага солди ва улар қўлларига қурол олишди.
Суриядан, Ироқдан, Саудия Арабистони ва Яқин Шарқнинг бошқа ҳудудларидан келган 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган ҳамфикрлар ягона отрядга бирлашишди.
Ҳарбий формадаги аёллар
Отряд ўз олдига ИШИД устидан ғалаба қозониш билан бирга озодлик учун кураш, демократик жамият қуриш сингари ғоявий мақсадлар ҳам қўйган.
Лондоннинг Вестминстер университети тадқиқотчиси Мерал Дузгун ўзининг “Курд аёллари ҳаракати” деб номланган ишида ҳарбий зиддиятларда аёллар ва эркаклар ўртасидаги анаънавий тафовутни бузиш кераклигини муҳокама этган.
«Курд аёллари миллий-давлат даражасида гендер чақирув эълон қилишди. Уларнинг курашдаги ҳиссалари ҳаётий ғалабага етаклайди», — деб ёзади Дузгун.
Уйда ўтириш уят
Суриядаги шаҳарлардан бирида яшовчи Сереканье Гулан ўз оиласини ҳимоя қилиш мақсадида жангчилар қаторига қўшилди. «Мен отамни яхши кўраман. Аммо ўз муҳаббатимни қандай ифода этсам бўлади? Уйим ва оилам тинч бўлиши учун душманларим билан курашаман, шунда отам мен билан фахрланади».
20 яшар Бинефиш террорчиларга қарши курашиш мақсадида уйидан қочиб кетди. «Мен кўчада формадаги қизларни кўргач, уйда ўтиришга уялиб қолдим. Кимгадир нафим тегишини ўйлай бошладим. Ота-онамга аёллар отряди ёқди, лекин қизлари уларга бориб қўшилишини исташмасди. Шунда мен ҳатто хайрлашмасдан уйдан чиқиб кетдим, — деб ҳикоя қилади Бинефиш. — Кейинроқ уларга қўнғироқ қилдим, аёллар отрядида эканлигимни айтдим, ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқлигини тушунтирдим. Онам кўп йиғладилар, уй менсиз бўшаб қолганлигини айтдилар».
Отряд ғалабалари
Аёллар мудофаа отряди 2015 йилда Суриянинг Кобани шаҳри учун бўлган жангларда мардонавор ҳаракат қилди. Отряд 133 кун давомида ИШИД террорчилари қуршовида қолиб кетди. Арин Меркана исмли жангчи ИШИД террорчилари орасида ҳақиқий ваҳимага айланди: у 30дан зиёд жангарини йўқ қилди.
Ўтган йилнинг ноябрида Ироқнинг шимоли-ғарбидаги Синжар учун бўлаётган жангларга отряд қизлари ҳам қўшилишди. Улар тинч аҳоли вакилларини қутқаришга камарбаста бўлишди.
Айни дамда отряд вакиллари ушбу ҳудуднинг назорат-текшириш пунктида хизмат қилишмоқда.
Сарвар Анвар ўғли тайёрлади
Мавзуга оид
09:20 / 31.10.2024
Ироқ ўз ҳаво ҳудуди Исроил томонидан бузилгани юзасидан БМТга шикоят қилди
12:10 / 28.10.2024
Туркия ҲҲК Ироқ шимолидаги 34 та объектни йўқ қилди
11:00 / 23.10.2024
Ироқ: Ғазо ва Ливандаги уруш бошқа минтақаларда янги можароларга олиб келиши мумкин
15:50 / 17.10.2024