Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбаев ўзаро мулоқот чоғида чегараларни делимитация қилиш хусусида сўзлашди
26 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаев ўртасида Қирғизистон томонининг ташаббуси билан телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.
ЎзА хабарига кўра, давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида атрофлича фикр алмашиб, ўзаро муносабатларнинг бир қатор асосий йўналишларида ижобий ўзгаришлар юз бераётганини алоҳида қайд этдилар.
Мулоқот чоғида таъкидланганидек, Фарғона водийсининг чегарадош вилоятлари раҳбарлари ва кенг жамоатчилиги иштирокида Андижон ва Ўш шаҳарларида ўтган Ўзбекистон ҳамда Қирғизистоннинг нуфузли делегациялари учрашувлари кўп асрлик анъанавий дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини, халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди.
Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбаев Ўзбекистон — Қирғизистон давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича икки мамлакат ваколатли органлари биргаликда олиб бораётган ишларнинг муваффақиятли якунланишидан томонлар бирдек манфаатдор эканини таъкидладилар.
Давлат раҳбарлари томонларни қизиқтирган қатор минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарлари қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида кўп қиррали ва узоқ муддатли муносабатларни, минтақамизда барқарорлик ва хавфсизликни янада мустаҳкамлаш мақсадида бундан буён ҳам турли даражадаги ўзаро алоқаларни давом эттириш ва рағбатлантиришга келишиб олдилар.
Мавзуга оид
11:22 / 02.05.2024
Президент: Жаҳонда инвесторлар учун мислсиз кураш кетяпти
21:36 / 01.05.2024
ЕТТБ Ўзбекистонда «яшил» шаҳарларни ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этади
09:04 / 30.04.2024
Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар миллий жамоасини табриклади
19:48 / 29.04.2024